МАРД ВА ОЛИЙЖАНОБ ХАЛҚИМИЗ БИЛАН

   Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши ташаббуси

билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли маърузасининг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган давра суҳбати уюштирилди. Ушбу йиғилиш туман тиббиёт бирлашмаси катта мажлислар залида ўтказилиб, унда партия фаоллари ҳамда  тиббиёт ходимлари иштирок этишди. Маъруза учун сўз олганлар ислоҳот — ислоҳот учун эмас, инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун шиори ҳаётимизда ўз тасдиғини топаётганини алоҳида таъкидладилар.  Инсон манфаатлари, халқ фаровонлигини таъминлашда халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини билиш муҳим ҳисобланади. Президентимизнинг маърузасида таъкидланганидек, халқ билан мулоқот инсон манфаатларининг юксалишига, уларнинг қадр топишига олиб келади. Бу борадаги асосий вазифалар давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларининг тубдан такомиллашишига замин бўлиб, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини топиш учун имконият яратади. Давра суҳбати бахс-мунозараларга бой бўлиб, иштирокчилар ўзлари қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

 

 

 

Шаҳноза ТАНГРИБЕРГАНОВА,

                                                                                                                                                                                     ЎзМТДП Қўшкўпир туман Кенгаши раиси