ҚЎШКЎПИРДА- АФРИКА ТУЯҚУШЛАРИ

 Ушбу сарлавҳани ўқиганларнинг кўпчилиги “бўлмаган гап” деб ишонмасликлари ёҳуд ҳайратга тушишлари турган гап. Чунки туяқушлар макони Африкада бўлиб,

улар ўша қитъа иқлимига ва табиатига мослашган. Қарангки, қаловини топиб, “қорни ҳам ёндирадиган” тадбиркор элдошларимиз туманимизда ушбу ноёб қушларни парвариш қилмоқдалар. Бўйни узун, бир қарашда туяни эслатадиган, камида 120-150 кило тош босадиган ушбу жониворларни кузатиш жуда мароқлидир. Уларга яқинлашганимиз сари безовта бўлганликларини пайқадик.

         -Хафа бўлмайсизлар, туяқуш ўта сезгир, ззийрак жонзот,-дейди уларни парваришлаётган ишбилармон аёл Замира Тожиева,-бегоналарни тез илғайди. Эгасига эса эркаланиб турли хил товушлар йўллаб туради.

         Суҳбат асносида туяқушларни қаердан келиб қолгани ва қачондан бери боқилаётгани билан қизиқдик.

         -Узоқ йиллар 4-сон мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Ўша даврларда уйимда лимон дарахти, турфа хил гуллар ўстириш билан шуғулланардим,-дея ҳикоя қилади Замира Тожиева,-турмуш ўртоғим иккимиз пенсияга чиққанимиздан сўнг ҳовлимизда товуқ, ўрдакдан ташқари бедана боқиб кўпайтирдик, бедана тухуми етиштира бошладик. 2014 йил Бухоро шаҳрига борганимизда эса туяқуш тухумини олиб келдик ва жўжа очдиришга муваффақ бўлдик. Бу эса оиламизда тадбиркорликнинг бошланиши, яъни оилавий корхона очишимизга туртки бўлди.

        2012 йил 26 апрел Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунни ўқиб ўрганган Ибрагим  Жуманиёзов, Замира Тожиевалар оиласи яратилган имкониятлардан фойдаланиб, оилавий корхона очишга қарор қилдилар. Бухоро шаҳрига борганларида эса туяқуш боқаётган оила билан танишиб қолдилар. Қизиқиш ва интилиш уларни ишга киришишга ундади. Ўзлари бир дона туяқуш тухумини сотиб олиб, жўжа очдиришга эришдилар ва юқорида айтганимиздек, Бухородан уч бош, Чирчиқдан 2 бош туяқуш жўжаларини келтиришди. Бугунги кунда 5 бош туяқушни парваришламоқдалар.

  - Энг ажойиби ,-дейди Замира Тожиева,-туяқушлар тухум қўйиб бошлашди.Оғирлиги 1 кг 300граммгача келади.Энди жўжа очтиришимиз, туяқушларни кўпайтиришимиз мумкин.

        Илмий манбаларда келтирилишича туяқуш 3-йилида тухум қўйиб бошлаб, 30-35 йилгача тухумлайди.У ўртача 60-70 йил умр кўриши,6 ёшдан ошгани 150-160 килогача вазн бериши мумкин.12 ойлик жўжаси гўшт учун боқилганда,100кг тирик вазнга эга бўлиши, 40 кг лаҳм гўшт бериши мумкин.Чорвачиликнинг бошқа турларига қараганда,йилига битта урғочисидан 10-20 та индивиднинг гўшт учун сўйилиш даражасигача етиштирилиши билан фарқ қилади.Гўшти парҳезбоп саналаркан,уни истеъмол қилганда юрак томир касалликларига чалиниш эҳтимоли кам бўларкан.Терисидан эса галантерия маҳсулотлари,патидан декоратив безаклар тайёрланади.

---Бизда,-дейди,-Ибрагим Жуманиёзов,-ушбу фойдали жонзотни боқишимиз учун шароит етарли. 2015 йилда Қўшкўпир туман ҳокимининг қарорига мувофиқ “Ибрат-Рўзмат”оилавий корхонамиз учун 2 гектар ер майдони ажратилди.Шундан 30 сотихига шийпон,фермахона қурганмиз,қолганига эса беда ва бошқа экинлар экамиз.Туяқуш асосан ўтхўр ҳисобланади.Бедани хуш кўриб ейди.Кунига ҳар бирига 2 кило дон берамиз.

  Оилавий корхонада оиланинг барча-яъни 10 нафар аъзоси ишлайди.Бу ерда туяқушлардан ташқари Африка какликлари,товуслар ҳам боқилмоқда.Турли туман паррандалар,айниқса патларини елпиғич қилиб турган товусларни кўриб кўзингиз қувнайди.

         -Мамлакатимизда яратилаётган шарт-шароитлардан фойдаланиб, тадбиркор ва ишбилармон бўлдик,-дейди Замира Тожиева,-кимки олдига мақсад қўйса, шунга албатта, эришади. Биз бажараётган иш барчанинг қўлидан келади, бунга фақат қизиқиш бўлса бас. Озгина саъй-ҳаракатимиз халқ фаровонлигига ҳисса қўшсин деб ният қилганмиз.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                       М.ТИЛЛАЕВА,

 

Қўшкўпир тумани