ЯНГИ БИНО ҚАД РОСТЛАДИ

Туманимизда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ва давлат нотариал идорасининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу айниқса, янги “Бахт уйи”да қурилажак бахтли оилалар учун чексиз хурсандчилик улашди.

 

-Муҳташам ва замонавий бинода биринчи бўлиб никоҳдан ўтганимиз биз учун унутилмас воқейлик бўлди, - дейди биринчилардан бўлиб никоҳдан ўтган Жасурбек Ражабов ва Қувончой Болтаевалар.-Мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан ғоят мамнунмиз. Ўйлаймизки, севги ва садоқат эвазига қурилаётган оиламиз янада мустаҳкам бўлади. Биз ёш оилалар эса ватан равнақи, фаровонлиги йўлида хизмат қилишдан асло чарчамаймиз.

Дарҳақиқат, замонавий ва миллий архитектура лойиҳалари асосида қад ростлаган “Бахт уйи” биносида  никоҳни қайд этиш зали, “Оила дорилфунуни”, ҳужжатларни сақлаш ва бошқа хоналар мавжуд бўлиб, никоҳланувчи шахслар учун барча шароитлар муҳайё қилинганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Ҳа, туманимиз кўркига кўрк бағишлаб, кўркамлиги, мустаҳкамлиги ва салобати билан кишини ўзига ром айлаётган бу бино “Жайхун қурилиш”МЧЖ томонидан қурилган бўлиб, жами 1млрд.499млн.187 минг сўм маблағ сарфланди.