Ёшлар-келажагимиз БАҲОРИЙ ТАОМЛАР ФЕСТИВАЛИ

БАҲОРИЙ ТАОМЛАР ФЕСТИВАЛИ халқимиз пазандачилигининг ифодаси бўлди Ғозовот маиший хизмат касб ҳунар коллежи жамоаси байрамни шундай қаршиладилар.

         Бу йилги баҳор ҳам ҳар йилгидан фарқли ўлароқ инсонларимиз қалбини эзгу ҳис-туйғуларга тўлдириб, ўзгача жўшқинлик, ўзгача кайфият билан кириб келди. Бундай кўтаринкилик, шод-у ҳуррамлик туманимиздаги Ғозовот маиший хизмат касб-ҳунар коллежи талабалари нигоҳида яққол кўриниб турди. Коллежга кириб борар эканмиз, у ердаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, давранинг гуллар билан безатилиши, коллеж қизларининг атлас-у адрасларда, йигитларининг ҳам миллийлигимизга монанд кийимларда баҳорий миллий таомлар билан чиройли безатилган дастурхон атрофида давра тортиб ўтиришлари киши кўзини қувонтиради.

         Тантанали тадбирни коллеж директори Бахтиёр Раҳимов очиб берди ва талабаларга коллежда ўрганган ҳунар ва касблари келажак ҳаётида муҳим ўрин эгаллашини уқтирди.        

           Баҳорий таомлар фестивалига ташриф буюрган “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши Ғ.Абдуримов, туман хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси Н. Боймуротовалар сўзга чиқиб, коллеж талабаларини тобора яқинлашиб келаётган умумхалқ “Наврўз” байрам билан самимий қутладилар.

         Кўтаринки руҳда ўтказилган фестивалда коллежнинг талабалари дастурхонни миллий ва баҳорий таомлар билан безатиш шарти асосида ўзаро  беллашдилар. Дастурхонга ўзгача кўрк бағишлаб турган кўк барак, илдирма, кўк сомса-ю, чучвара, сумалак каби баҳорий таомлар  ҳакамлар хайъати томонидан баҳоланди. Ғолиблар ҳамда фаол иштирок этган талаба ёшлар, шу қатори фестивални ташкиллиштиришда ўз ҳиссасини қўшган ўқитувчилар “Камолот” ЁИҲ туман Кенгашининг “Фахрий ёрлиқ” лари билан тақдирландилар.

         Фестивалнинг давоми адабий-бадиий кечага уланиб кетди. Унда ўқувчилар томонидан “Баҳор”, “Наврўз”, “Она”, “Ватан “ ҳақида шеърлар айтилди, иқтидорли, қалби санъатга ошуфта ёшлар томонидан “Дўппи тикдим ипаклари тиллодан” ҳамда “Баҳор” миллий ашулалари рақси билан ижро этиб берилди. “Келин салом” ва  тўйлардаги урф-одатларимиз, миллий қадрият ва анъаналаримиз саҳна кўринишлари  орқали кўрсатиб берилди. 

          

Назокат МАШАРИПОВА