ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИК

барча ютуқларимиз асосидир

    Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилаётган ички ишлар ходимларининг жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги машаққатли хизмати алоҳида эътирофга лойиқ. Фидойи касб эгаларидан бўлган туман ички ишлар бўлими ходими, капитан, Гулноз Гулямова билан  мухбиримиз фаолият мезонлари хусусида суҳбатлашди.

       Дунёда икки неъмат борки,  унинг қадри бебаҳодир, бу ҳам бўлса сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамлик  шундай эмасми?

    Албатта, инсон учун энг керакли  нарса аввало саломатлик бўлса, иккинчи навбатда тинчлик ва хотиржамликдир.  Тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган юртдагина ислоҳотлар кутилган самарани беради, одамлар ўз ҳаётидан рози бўлиб, келажагига ишониб яшайди, юртда фаровонлик ҳукм суради, оқибатда жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Бунинг исботини юртимиздаги ўзаро аҳилликдан, тўкин-сочинликдан ҳам билиш, англаш мумкин. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқати, меҳр ва мурувватнинг самимий бўлиши ҳам асосан шу улуғ неъматга боғлиқ деб ўйлайман.

 

Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб келажагимиз эгалари бўлган ёшларга эътибор кучайтирилди. Баркамол авлод камолоти йўлида барча шароитлар мухайё қилинди, бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек ўсмир-ёшлар орасида билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолувчилар ҳам учраб туради. Туманимизда бу холатларни олдини олишга қаратилган қандай чора-тадбирлар амалиётга тадбиқ қилинмоқда?

         Биласизми, юртимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар замирида келажагимиз ишончи ва таянчи бўлган фарзандларимизнинг бахту камоли учун қайғуриш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни шакллантириш, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёш оилаларга зарур шароитлар яратиш, ёшларни фойдали касб-ҳунарга йўналтириш ва иш билан таъминлаш каби улуғ мақсадлар ётибди. Бироқ “тўқликка шўхлик” кабилида иш кўраётган, ота-онанинг фарзанд тарбиясига лоқайдлиги сабаб жиноятга қўл ураётган ўсмирлар ҳам учраб туради. Туманимизда ҳам айни ёшлар ўртасидаги жиноятчиликни олдини олишга қаратилган бир қанча ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаган болалар тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳларига жалб этилмоқда. Оила, мактаб, маҳалла ҳамкорлиги кенг йўлга қўйилиб, маҳалларда “Ёшлар бизнинг эртамиз”, “Келажак сенинг қўлингда”, “Бир болага етти маҳалла ота-она” каби тадбирлар уюштирилмоқда. Ундан ташқари ёшлар ўртасида давримизнинг глобал муаммоларидан бўлган “Одам савдоси -давр муаммоси” тарғибот лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирлар ёшлар ўртасида содир этиладиган жиноятларнинг ўтган йилгига нисбатан бир мунча камайишига сабаб бўлди. Жойларда ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни касбга йўналтириш, эрта турмушнинг олдини олиш, вояга етмаганларни оғир меҳнат шароитларига тушиб қолмасликларига қаратилган профилактик тадбирларнинг мунтазам ўтказиб келиниши ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилаётир.

 Янги йилда ёшларга тилакларингиз?

Аввало барчага узоқ умр тилайман.Ёшлар кўпроқ китоб ўқишларини, матбуот билан ошна бўлишларини ҳоҳлардим.Негаки китоб ва газета –журналлар орқали хонадонларимизга маънавият нурлари кириб боради. Ушбу нурлар эса қалбни бойитади,инсон тафаккурини кенгайтиради. Маънавиятли ва кенг тафаккурли ёшлар ҳеч қачон адашмайдилар,балки ҳаётда ўз ўринларини топиб Ватан равнағи йўлида хизмат қиладилар. Шунинг учун барча ёшларга ўқинг ва янада кўпроқ ўқинг деган тилакларни билдириб қоламан. 

Шаҳноза ТАНГРИБЕРГАНОВА

суҳбатлашди.