ҚАДРИЯТНИ ҚАДРЛАЁТГАНЛАР

 

 

          Маҳалламизда яшовчи 70 ёшли Раҳимбой ота ҳамда Ёқутжон оналарнинг ҳаётда тутган ўрни, кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлгани, ёшларнинг маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўшаётганини кўриб, бевосита “Қуш уясида кўрганини қилади”, “Қариси бор уйнинг париси бор” каби ибратли сўзлар эсимга тушади. Бу пиру бадавлат отахон-у онахоннинг хонадонига борган инсон  албатта, китоб жавонига тўла турли хил адабиётлар билан танишади. Китобнинг сеҳридан, кексаларнинг меҳридан баҳраманд бўлади. Отахонга шу ёшга кирган бўлсангиз ҳам хануз китоб ўқишни канда қилмабсиз, фарзандларингиз, невараларингиз ҳам китобхонлигингиздан ўрнак олишадими, деган саволимизга шундай жавоб беришди:

          -Китоби бор уйнинг файзи, таровати, меҳри, сеҳри бўлади. Китоб бор уйдан жанжалнинг иси чиқмайди. Мен фарзандларимга ҳамиша китоб билан дўст тутинишларини таъкидлаб келаман. Фарзандга китоб ўқитишнинг ягона йўли, ота-онанинг китоб мутолааси билан шуғулланишидир. Мен О.Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Ойбекнинг “Навоий”,  Жек Лондоннинг “Мартен Иден”, Г.Г.Маркеснинг “Полковникка ҳеч ким жавоб бермайди” каби кўплаб ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини севиб ўқиганман. Ҳаётнинг қиммати, қудратини анашу китоблардан олганман. Ҳаётда қанчалик қоқилган, туртинган бўлсам ҳам  шу каби китобларнинг кучига таянганман.

          Улар билан суҳбатлашар эканмиз, китоб ўқиган инсон ҳеч қачон хор бўлмаслигини, маънавий, ақлий жиҳатдан баркамол, кўплаб инсоний фазилатларга эга бўлишини яна бир англадик. Оиланинг тароватини, тинчлигини, фаровонлигини китоб билан даҳлдор деб билган бу кексаларимиздан ҳар қанча фахрлансак, ўрнак олсак арзийди.

 

Роҳат РАҲИМОВА,

 

“Олтин воҳа” маҳалла.............ª²