Шароитлардан хурсанд бўлдик

Эрталаб нонуштадан сўнг 121- сайлов участкасига бораман деб отланиб турсам, ҳовлимиз олдига такси келиб тўхтади ва сигнал берди. Ҳайрон бўлдим. Билсам, мен

каби ёши улуғлар учун бепул такси хизмати йўлга қўйилган экан. 

 

    Сайлов участкасига келгач янада хурсанд бўлдим. Бу ерда овоз бериш учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Буларни кўриб бундан 30 йиллар олдинги сайловларни хотирлаб кетдим. Ўшанда ҳовлида кимдир бизни кутиб олар ва “буни сайлайсан” деб кўрсатма берарди. Ёруғ, шинам жойлар қайда эди?! Овоз беришга келган бир одамнинг қўлида камида 15 та паспорт бўларди, қўни қўшни, оила аъзолари учун ҳам бир одам овоз бериб кетаверарди. Тўғрироғи, овоз бераётган одамимиз аллақачон ўз жойини эгаллаган, сайлов номигагина ўтказиларди холос.

    Бугунги кунда эса ҳақиқий ошкоралик, холислик, тенгликнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Номзодларнинг барчаси ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлганим учун энг муносиб деб билганим-кўнглимдаги номзодга овоз бердим. дейди 76 ёшли отахон Ҳайитбой Эшчонов

 

Илк бор сайлов кабинасига кирдим-

дейди 18 ёшга тўлган сайловчи Малоҳат Жуманиёзова- -

        Бу кунни интиқлик, қувонч билан кутдим. Мен ва тенгдошларим ушбу жараёнга астойдил тайёрландик. Сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурлари билан учрашув, тарғибот тадбирлари, оммавий ахборот воситалари орқали яқиндан танишдик.  Илк бора сайловга таклифномани оларканмиз, янада ҳаяжонландик. Сайлов куни қўлимизда таклифнома, фуқаролик паспортимиз билан сайлов участкасига кириб бордик. Озодалик, орасталик, сайловчилар учун ташкил этилган бепул транспорт хизмати бари-бари бизни тўлқинлантирди. 

 

Ўз уйимда овоз бердим-

дейди 98 ёшга кирган Нуржон Аҳмедов

Оммавий ахборот воситалари орқали сайловга тайёргарлик ишлари билан муфассал танишиб бордим. Тўртала номзодга яратиб берилган бир ҳил имконият, тарғибот ишлари тенглик асосида олиб борилгани мени жуда қувонтирди. Бу сайлов янада бошқача руҳда ташкил этилмоқда.  Мамлакатимиз тараққиётига хос ва мос деган ўй мени чулғаб олди ва ўзимча номзод танлаб қўйдим. Энг қувонарлиси, сайлов участкасидаги комиссия аъзолари уйимга ташриф буюриб, шу ерда овоз беришимга шароит яратиб бердилар. Омон бўлсин, она юртимиз.

 

М. Тиллаева ёзиб олди.