ТАДБИРКОРЛИК РИВОЖИ ЙЎЛИДА ЯНА БИР ҚАДАМ

 

Давлатимиз раҳбарининг шундай ҳаётбахш сўзлари бор: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга  хизмат қилиши керак”. Бугун давлат

идоралари томонидан тадбиркорларга яқиндан кўрсатилаётган қулай хизматлардан халқимиз мамнун. Айниқса, Президентимизнинг “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори уларга чексиз қувонч бағишлади. Тадбиркорлик фаолиятига янада кенг йўл очиб берган Президентимизнинг мазкур қарорини хурсандчилик билан тилга олмоқдалар.

 

         -Мен якка тадбиркор сифатида тадбиркорликнинг телекоммуникациялар операторларига, провайдерларига воситачилик хизматлари кўрсатиш тури билан шуғулланишни йўлга қўйишимда “Ягона дарча” марказининг яқиндан кўрсатган хизматлари катта бўлди. Қулай томони шу бўлдики, туманимизнинг чекка қишлоғида яшашимга қарамасдан тадбиркорлигимни қонунийлаштириб олишим учун зарур бўлган ҳужжатларни масофадан туриб электрон кўринишда амалга оширдим. Яъни менга марказ томонидан электрон рақамда имзоланган электрон гувоҳнома тақдим этилди. Мазкур қарорни қабул қилингани менга қанот бағишлади. Илгарилари бирор бир идорага бормасдан туриб ишимиз амалга ошишини тасаввур қилолмасдик. Энди биз тадбиркорларга янада кенг йўл очиб берилаётган экан, албатта, бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, эзгу мақсадимиз йўлида халқимиз, оиламиз фаровонлиги учун меҳнат қиламиз.

Дилмурод ЗАРИПОВ,

Ғозовот қишлоғидан

         -Мамнуният билан айта оламанки, бизга куч ва ғайрат бағишлаган Президентимиз қарори мен каби ҳар бир тадбиркорга хурсандчилик бағишлаган бўлса ажаб эмас. Бу қарор билан яқиндан танишиб чиқар эканман, биз тадбиркорларнинг манфаатини ўйлаб, оиласи дастурхонини тўкин қилишни, жамиятда муносиб ўрин эгаллашни илгари сурган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз. Халқ банкининг 700 млн сўм кредит эвазига 100 гектар ерда 6000 бош қўйларга мўлжалланган “Шеърозий қўйлари” фермер хўжалигини ташкил қилдим. Бу фаолият турини қисқа фурсатда масофадан туриб ўзим иштирокимсиз амалга оширишга мушурраф бўлганим менинг нафақат вақтимни тежади, балки моддий сарф-харажатларимни ҳам тежашга кўмаклашди. Вақт ва имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда эндиликда бу фаолиятимни янада кенгайтириб, сифатли иш ўринларини яратиш ниятим бор. Ўйлайманки, тадбиркорларни қўллаб-қуваатлаш мақсадида халқ манфаатлари акс этган мана шундай   қулайликлардан фойдаланган ҳолда бошқа фуқаролар ҳам ўзларининг эзгулик йўлидаги режаларини тадбирли ишларга жалб қиладилар.   

Жавлонбек ЯҚУБОВ,

Янгилик қишлоғидан

 

         -Президентимизнинг келажагимизни ободлиги ва фаровон бўлишини ўйлаб қабул қилган қарори айни биз кутган истакнинг ифодаси бўлди, десам адашмайман.    Ҳар қандай инсон борки, ўз қобилиятини, истеъдодини ишга солган ҳолда оилавий фаровонликка эришиб, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топа олади. Бунинг учун ҳаракат, интилиш, мақсад бўлса бас. Мен ҳам юртимизда яратилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда шаҳарчамизда паррандачиликка ихтисослаштирилган оилавий корхона ташкил қилдим. Олдинига тадбиркорлигимни расмийлаштириш учун қайси корхонага мурожаат қиламан, қачон субъект сифатида рўйхатдан ўтаман, ишларим ривож топармикан деб иккиландим ва тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказадиган “Ягона дарча” марказига келдим. Бу ерда ахборот маслаҳат маркази менга амалдаги қонунчилик асосида рўйхатдан ўтказиш тартиби, иш юритиш учун яратилаётган шарт-шароитлар, солиқ ва имтиёзлар, ажратилган кредитлар тўғрисида маълумот ва тушунчаларга эга бўлдим. Қизиғи шундаки, мен ўз уйимда ўтириб электрон хизматлардан фойдаландим.  Биз ўзимизга яратилаётган қулай имкониятлардан фойдалансак, манфаатимиз йўлида ишлаб чиқилаётган қонун-қарорларнинг моҳиятини чуқур англаб етсак, ўйлайманки, ишнинг кўзини биламиз, иш юритишда ўз ақлимизга таяна оламиз.

Ўктам ЖУМАНИЁЗОВ,

шаҳарчадан

 

 

Назокат МАШАРИПОВА ёзиб олди