Тадбиркор – қонун ҳимоясида

 

 

 

 

 

 

 

      Тадбиркорлик соҳаси ривожи учун сўнги олти ой мобайнида ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

 

         Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрь куни қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, 2016 йил 28 октябрь куни қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори, 2017 йил 17 январь куни қабул қилинган “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг
тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони, 2017 йил 1 февраль куни қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, 2017 йил
10 февраль куни қабул қилинган “Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори, 2017 йил 17 март куни қилинган “Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, 2017 йил 17 март куни қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори шулар жумласидандир.

 

Давлатимизда кенг масштабда олиб борилаётган мазкур ислохотлар натижасида тадбиркорлар учун олдин мавжуд бўлмаган бир қатор имконият, енгиллик ва имтиёзлар яратилди ва яратилиши давом этмоқда.

 

Хусусан, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахсларнинг тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлардан ташқари тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари, шунингдек жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишлар бекор қилинди.

 

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишни автоматлаштирилган тизимини босқичма-босқич ишлаб чиқиш ва жорий этиш, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан Ўзбекистон Республикаси Давлат интерактив хизматлари ягона порталига интеграциялашган Интернет тармоғидаги тизим орқали кечаю-кундуз ўтказиш ва ҳисобга қўйиш таъминланиши белгиланди.

 

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган, фармацевтика товарлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари, шунингдек, пардозлаш қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар 2017 йилнинг 1 апрелидан 2022 йилнинг 1 январигача бўлган даврда мулк солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилиши белгиланганлиги давлатимиз рахбарининг айнан Хоразм вилояти иқтисодиётининг ривожи учун алоҳида эътибор қаратаётганликларидан далолатдир.

 

       

 

                                   Р.САТТАРОВ,

 

      Вилоят адлия бошқармаси

 

катта маслаҳатчиси