«Ягона дарча» ҳам нақдингизни, ҳам вақтингизни тежайди.

Бугун тадбиркор бўламан деганга барча қулайликлар бисёр. Чунки унинг фаолиятига акс таъсир этадиган барча оворагарчиликлар барҳам топди ҳисоби. Эндиликда тадбиркор бирор муаммо юзасидан идорама-идора сарсон бўлмайди, кимларнингдир қош-қовоғига қараб ўтирмайди. Асосий эътиборни фаолиятини янада ривожлантиришга қаратади, янги режалар устида бош қотиради. Албатта, бу юртимизда тадбиркорларга яратиб берилаётган қулайлик ва имтиёзлар самарасидир.

“Икки кунда тадбиркорга айландим”

-дейди Музаффар Отажонов ғурурланиб

            Эътиборлиси, барча жойлардаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида “Ягона дарча” марказлари ташкил этилиб, 2016 йилнинг 1 январидан иш бошлаши ана шундай имкониятлар кўламини янада кенгайтирди. Айни пайтда ушбу марказлар томонидан ишбилармонларга 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

          − Янги марказда йўлга қўйилган хизматлар биз тадбиркорларни жуда мамнун этди, -дейди биз билан суҳбатда тадбиркорлардан бири Музаффар Отажонов,-мен ҳам тадбиркорликни бошлашимдан олдин роса иккиландим, бироқ, бизга яратилган қулайликлар, имтиёзларни кўриб ғайратим янада ошди. Туманимизда ташкил қилинган “Ягона дарча” маркази билан яқиндан танишдим. Ундан ташқари марказ қошида тадбиркорлар учун ахборот маслаҳат маркази, солиқ-статистика органлари ва бошқа алоқадор ташкилотлар билан биргаликда, солиқлар ва имтиёзлар, ажратилаётган кредитлар тўғрисида бошланғич маълумотлар ва тушунчалар бериб борилаётганига гувоҳ бўлдим. Биласизми, ариза ташлаганимдан икки кун ўтиб, менга тадбиркор бўлганимни айтишди. Хозирда ўз фаолиятим бўйича иш олиб бормоқдаман, бирор тушунмовчиликлар туғилса ,ҳеч иккиланмасдан туман “Ягона дарча” марказига мурожаат қиламан.  

            Маълумотларга кўра,  жорий йилнинг 1 март санасига қадар  “Ягона дарча” маркази томонидан 203 нафар  тадбиркор рўйхатдан ўтказилган.1194та юридик шахс эса интернет тармоғи орқали электрон рўйхатдан ўтган. Ўтган йилдаги ҳолатга солиштирсак бу йилги рақамлар салмоқдор ва тадбиркорлар қисқа фурсатда иш бошлашган.Эндигина  фаолиятини йўлга қўйганлар орасида уста-хунармандлар, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари, фермерлар, уста-наққошлар ва айниқса ёшларнинг кўплиги кишини хурсанд қилади.Ушбу марказларнинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, барча аризалар электрон тарзда юборилади ва жавоб бериш муддати қатъий белгиланган. Агар кўрсатилган муҳлатда масъул ташкилотлардан тегишлича жавоб келмаса, уларга маъмурий жавобгарлик белгиланган.

    - Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг янги тартиби барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан муносабатларда тадбиркорлар ва мулкдорлар ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди,-дейди туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш “Ягона дарча” маркази директори Р. Абдуллаева,-бугун кўрсатилаётган ҳизмат турларига газ, электр, сув, телефон тармоқларига улаш, айрим маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш, бинонинг ташқи кўринишини ўзгартириш ва реконструкция қилиш, ташқи рекламаларни жойлаштиришга рухсатномалар ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни белгилаб бериш кабилар киради.

     Бир сўз билан айтганда, бундай марказлар фаолияти орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг давлат хизматларидан фойдаланишини янада соддалаштиришга эришилмоқда, шу билан бирга “Ягона дарча” марказлари давлат ташкилотларининг очиқлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда ва албатта қисқа фурсатда ўз фаолиятларини йўлга қўйишга яратилган имкониятдир.

 

         Шаҳноза ТАНГРИБЕРГАНОВА