Соҳиби даврон бўлдик

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қалбларга ғурур, ифтихор ва шукроналик туйғуларни бағишлади

Бугунги ёшларга қараб туриб, беихтиёр хавасимиз келади. Улар бир нечта тилда бемалол гаплашадилар. Комьпютер технологияларини мукаммал эгаллашган, ўз устларида тинмай ишлашлари, изланишлари учун имкониятлар бисёр. Ҳа, бугуннинг ёшлари ҳавас қилса арзигулик, улар мустақиллик имконларидан баҳра олган ҳолда улғайдилар. Истиқлолдан олдинги давр қийинчиликлари ҳақида ўқиб, ёхуд кексалар ҳикояларидан эшитиб биладилар.

         Ёши катталар эса....Улар орасида дили яралар кўп. Мустабид тузум зарбаларидан қалби заҳа еганлар “бу кунларнинг ўтгани рост бўлсин” дея такрор-такрор гапириб шукрона айтадилар. Не кунларни бошларидан кечирганлари бир яратганга, бир ўзларига аёндир.

         Туманимиз қишлоқларидан бирида Бибижон момо деган аёл яшаб ўтган. У юртимиз истиқлолга эришганида 100 ёшдан ўтган эди. Ақли теран, фикри тиниқ момо билан тасодиф туфайли танишиб, суҳбатлашгандик. У турмуш ўртоғи 30-йилларда “халқ душмани”га айлантирилиб қамалганини, аслида ҳеч қандай айби бўлмаганини, қаерлардадир бежаноза, бекафан кўмилганини армон билан гапириб ўтирди. Катта ўғли вояга етмаган бўлса-да, “оиламиз шаънига тушган доғни жангда мардлик кўрсатиб юваман” дея урушга отланиб, бедарак кетганини эслаб йиғлади. “Аллоҳга шукур кейинги фарзандларимдан невара, чевара кўрдим, бироқ бир неварам афғон урушига кетиб қайтмади, ҳаётимда қувончдан кўра кўпроқ ғам кўрдим” дея ўкинди. Бу  бир инсоннинг бошидан кечирганлари ...Унга ўхшаб куйганлар озми?

         Хива шаҳрида яшовчи  бир қариндошимиз бўларди. Уларникига борганимизда бир хона тўла бешик, ҳайратланиб сабабини сўрасак, “қўшнимиз бешик ясайди, бизникига келтириб , яшириб қўйиб сотади, ҳукумат одамлари кўрса устидан иш очишади, ортиқча пул топаяпсан деб азоб беришади” деган гапларни эшитганмиз. Бугунги кунда ўша одамнинг фарзандлари ҳунарманд бўлиб кетишган, бешик, сандиқлар ясаб, эмин-эркин бозорга чиқазиб ўтиришибди.

Ҳа, ёши катталар кўп нарсаларга гувоҳ бўлишган. Кимларнидир олдида ўз тилида эмас, бегона тилда ҳисоб беришга мажбур бўлганлар.

         Яна бир оилани биламан. Отаси халқ душмани деб қамалган, ўзи эса Гдлян гуруҳи томонидан кўзбўямачиликда айбланиб, “пахта иши, ўзбеклар иши” деган тамғалар остида жиноий жавобгарликка тортилган эди. Истиқлол туфайли отанинг номи ўғилнинг ўзи оқланди. Бугунги кунда невара-чеваралар камида учта чет тилини ўрганиб, катта даргозларда, катта лавозимларда ишламоқдалар. Истиқлол туфайли халқимизнинг қадди тикланди, руҳи ўсди, мамлакатимиз юксакликка юз тутди. Ҳар бир инсон “Ким эдигу ким бўлдик?” дегакн саволга юрак нидоси ила жавоб топа бошлади. Бугун атрофимиздаги кўркам иморатларга суқланамиз, дилимиз яйрайди. Вилоятимиздаги аеропорт вокзалимиз, кўркам кўчаларимиздан ғурурланамиз.  Иморатларимизни кўриб чет элликларнинг ҳаваси  келаётганини юзларидан кўриб янада шодланамиз.

         25 йиллик бизга кўп нарса берди. у тарих зарварақлари ичра балки сезилмас фурсатдир. Бироқ, халқимиз учун асрларга арзигулик ютуқ, муваффақиятлар олиб келди.

Мустақиллик ёшлари қандай бахтли! Улар адолатсизлик, ғараз нима эканлиги, ноҳиқ камситилишни билмайдилар, бағирлари бутун, мақсадлари улуғ. Орзулари йўлида тўсиқлар йўқ. Олам сари, иқбол сари, истиқбол сари парвоз қилмоқдалар. Уларга суянч, таянч бўла оладиган улуғ Ватани, ўзлигини англатадиган, аждодлари ила бемалол ғурурлана оладиган халқи бор. Шоир айтганидек:

Ўтдик не суронлардан,

 Бош эгмай бўронлардан,

Ҳайиқмай тўфонлардан,

Ким эдигу ким бўлдик,

Соҳиби даврон бўлдик!

 

М.Тиллаева