Санъатдан бахт топдим, олқиш олдим дейди,- фахр билан кекса санъаткор Каримбой Қувоқов

Хоразм санъати мана неча йиллардан бери ўзининг маънавий қиёфасини йўқотмай, сайқалланиб, ривожланиб, такомиллашиб бормоқда. Азалдан халқимизда “хоразмликларнинг қонида санъат бор” деган гаплар бор.

Азим  воҳамизнинг қайси бир хонадонига кирманг, қай инсони билан суҳбатлашманг лазгини билмайдиган, рақсга тушмайдигани топилмайди. Айниқса, бизнинг куй- қўшиқлар инсон қалбига ўзгача шукуҳ, мазмун-моҳият бахш этади. Туманимизда ҳам қонида санъат, юрагида шижоати бор инсонлар кўп. Булар орасида Каримбой  Қувоқовни алоҳида тилга олса арзийди. Унинг юзидаги чақин, тетикликни кўриб ҳавасинг келади. У билан суҳбатлашар эканмиз,бу сўзлар ҳақиқат эканлигига яна бир карра амин бўлдик.

 

         Сизни аввало “Рақс сеҳри” халқаро фестивалида қўлга киритган муваффақиятингиз билан табриклаймиз. Газетамиз ихлосмандларига аввало санъат йўлига қадам қўйган даврингиз, устозларингиз ҳақида гапириб берсангиз?

         - Бу йил 86 ёшни тинчлик ва омонликда қаршиладим, худога шукур тетикман, бу ҳам санъатга ошно тутинганим, доимо хушкайфият билан  юрганим боис. 12 ёшимда ашула айтиб давраларда рақсга тушганман. Аслида бизни ота-боболаримиз таниқли дорбозлар бўлган экан. Менга ҳам санъат аждодларимдан мерос бўлса керак. Авваллари тўйларда, турли давраларда қўшиқ ижро қилиб юрардим. У пайтлари бугунгидай тўйхоналар қаёқда дейсиз, чироқ йўқ, газ йўқ, йўллар асфальт қилинмаган тўйларимиз кўчаларда бўлиб ўтарди. Озгина рақслар авжига чиқса чанг кўтарилиб, тўзон кўтариларди. Эх.. у кунларнинг ўтгани бўлсин. Бугун замон бошқача. Тўйхоналардаги имкониятларни кўриб худда эртаклардагидек ҳис қиласан ўзингни. Энг сўнгги русумдаги жиҳозлар, барча қулайликлар етарли, қўшиқ ижро қилганинг сайин яна куйлагинг, рақсга тушган сари ўйнагинг келади.  

Мен ижод қилган даврлар 1972 йилларга тўғри келган. У пайтда Тамарахоним, К. Отаниёзов каби таниқли санъаткорлар билан ижодий учрашув ва давраларда бўлганман. Улардан санъатнинг кўп сирларини ўрганганман. Бу орада турли соҳаларда ишладим, Хива театрида фаолият юритиб, кўпгина ютуқларга эришдим. Кўплаб шогирдларга устозлик қилиб келмоқдаман. Хуллас ,қай соҳада фаолият юритсам ҳам санъатга бўлган меҳр, иштиёқ мени бир лаҳза ҳам тарк этгани йўқ.

Бугунги давр, мустақилликдан кейинги ютуқларингиз, ёш ижрочилар ҳақида фикрларингиз?

-Баъзида турмуш ўртоғимга ҳазиллашиб қўяман нега мен мустақилликдан кейин туғилмаган эканман, бизнинг ёшлик давримиз ҳам шундай дориломон, барча шароит ва имкониятлар етарли даврларга тўғри келмаган. Аммо, кейин ўйлаб бу кунларга етказганига шукур дейман. Ҳақиқатда бахтли замон келди. 25 йил ичида юртимизда кўп ўзгаришлар, янгиланишлар рўй берди. Энг муҳими ёшларни кўринг, уларга боқиб тўймайсан, эмин-эркин яйраб ўсмоқдалар. Кўп йиллар  туман маданият ва спорт ишлари бўлимида ишладим. Мустақилликдан кейин эса ижодда янада ўрин топдим. Маҳоратим, истеъдодим туфайли халқ орасида обрў-эътибор қозондим.  Турли тадбирлар, фестиваллар, кўрик-танловларда иштирок этиб, кўплаб ютуқларга эришдим. Республика хаваскор жамоалари фестивалининг вилоят босқичида ижро маҳоратим учун “Фахрий Ёрлиқ” ҳамда бир қатор вилоят маданият ва спорт ишлари бўлимининг тадбирларида сертификатлар, ташаккурномалар билан тақдирландим. Юртимизнинг кўплаб шаҳарларида ижодий сафарларда бўлиб, гўзал, хушманзара жойларни кўрдим. Бундан жуда мамнунман. Санъатдан фақатгина бахт топдим. Ҳозир ҳам худди ёшлардек давраларнинг тўридаман. Бизга қилинаётган бундай иззат-икромдан беҳад мамнунман. Бугунги ёш ижрочиларга ҳам кўплаб маслаҳатлар бераман, ижро йўллари, усуллари ҳақида билганларимни ўргатаман.

Мана яқинда Хива шаҳрида ўтказилган “Рақс сеҳри” халқаро фестивалида иштирок этдингиз, фестивалда қандай натижага эришдингиз ва айнан қайси ижроингиз учун?

-Бу фестиваль ҳақиқатда катта тантаналар билан ўтказилди. Ундаги иштироким мени янада ёшартирди, десам муболаға бўлмайди. “Хоразм лазгиси”га рақсга тушиб, норим-норим куйини ижро этдим. Турли миллат ваккиллари билан дилдан суҳбатлашдим, уларнинг бизнинг мамалакатимиз ҳақидаги таассуротларини кўриб, шундай мамлакатда яшаб, ижод қилаётганимдан қувондим. Айниқса ёшлар кўзидаги шижоатни айтмайсизми. Барчани қойил қолдирган хоразм рақси билан жуда фахрландим. Ҳақиқатда бизнинг санъатимиз дунёни лол қолдириб келган ва албатта бундан кейин шундай бўлиб қолади. Гўзал Хивамиздаги бу тантаналар шукуҳи бир умрга қалбимизга муҳрланди.

 Шодиёналар ярашган юртимизда байрамлар, яхши кунлар бардавом бўлсин. Доимо элга омонлик тилайман. Ва қўлимдан келганича  санъатим билан Ватаним равнақига ўз ҳиссамни қўшаман.

 

 Р. Исмоилова суҳбатлашди.