Гепатит касаллиги ҳақида биласизми?

 

 

Гепатит касаллиги ҳақида кўпчилик одамларда турли хил қарашлар мавжуд. Кўпчилик уни шунчаки тахмин қилиб давоси топиладиган, кўпчилик эса давоси топилмайдиган касаллик тури деб баҳолашади.

Мана шу мавзуга ойдинлик киритиш учун юқумли касалликлар шифокори Наргиза Худайбергановага мурожаат қилдик.

 -Наргиза опа, гепатит ўзи қандай касаллик, уни турлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

-Гепатит – жигарнинг шикастланиши билан боғлиқ касаллик бўлиб, бунда вирус организмни жароҳатлайди. Жигар организм фаолиятида муҳим рол ўйнайдиган ва жуда мураккаб функцияни бажарадиган органдир. Гепатитнинг А, Б, С, Д, Е турлари мавжуд. Гепатит А-юқумли сариқ касаллиги бўлиб, у ичак инфекциялари гуруҳига кирадиган антропоноз касаллигидир. Гепатит В соғлом одамларга  асосан вирус ташиб юрувчилардан, кейин гепатит Внинг сурункали формаси билан оғриган беморлардан юқади. Гепатит В камдан кам ҳолларда сўлак орқали, қон қуйиш орқали,  шприц, игна ва бошқа тиббий асбобларни етарли қайнатиб зарарсизлантирилмаганлиги оқибатида ҳамда жинсий йўл орқали ҳам юқади.  Шунингдек, соқол оладиган, тирноқ тозалайдиган, маникюр қиладиган, тиш ювадиган асбоблар умумий бўлган тақдирда ҳам инсон гепатит Вни юқтириб олиш эҳтимоли кучли. Организмда сариқлик пайдо бўлиши билан беморнинг аҳволи янаям оғирлашади. Беморнинг дармони қурийди, иштаҳаси бўлмайди, қўнгли айниб, қусади. Беморларнинг 20 фоизида бадан қичиш, иситма бўлиши ҳоллари кузатилади. Бу пайтда эса жигар катталашади, унда оғриқ пайдо бўлади. Гепатит В гепатит А га қараганда оғирроқ ўтади ва сурункали формага ўтишга мойил бўлади. Оғир формасида эса бемор жуда беҳол бўлиб ётади, доимо кўнгли айниб, қайт қилиш ҳоллари кузатилади, боши айланиб, кўзи хира тортади, геморрагия аломатлари кўринади.

Гепатит В ни юқтириб олган инсон гепатит Д ни ҳам осонгина юқтириб олади. Вирус Д ва В биргаликда организмга таъсир қилганда мураккаб вазият юз беради, натижада бемор ўлиши мумкин. Вирус Д  жигарни анча ишдан чиқаради ва гепатит эртароқ церрозга ўтади.

Гепатит С эса дунёда кенг тарқалган касаллик ҳисобланиб, у деярли гепатит В дан фарқ қилмайди. ГС кўп ҳолларда сариқсиз шаклда ўтади. Ўлиш ҳоллари эса 1-2%ни ташкил қилади. ГС нинг ГВ дан фарқли жиҳати шуки, ГС узоқ вақт давом этади. 50 фоиздан зиёд ҳолларда касаллик сурункали шаклга ўтади, шундан 20 фоиз беморларда провардида  жигар церрози ривожланади.  ГСнинг вируси жигар ракини келтириб чиқаришда муҳим рол ўйнайди. ГС нинг даволаниши эса ГВ дан фарқ қилмайди. Гепатит Е эса вирус чиқарувчи ўткир юқумли касаллик бўлиб, асосан сув орқали юқади. У бир пайтнинг ўзида кўплаб одамлар касалланиши мумкин. Касаллик ҳомиладор аёлларда оғир ўтади, кўп ҳолларда ўлим билан тугаши ҳам мумкин. ГЕ ҳомиладор аёлларга жуда ёмон таъсир қилади. Болаларнинг ҳар иккитасидан биттаси ўлик туғилади. Тирик туғилган болаларнинг ярмидан кўпроғи  1 ойлик бўлмасдан ўлиши мумкин.

-Бу касалликларни олдини олиш учун ёки касалликни даволашда нималарга кўпроқ эътибор бериш лозим деб ўйлайсиз?

- Бунда гепатитга қарши эмлатиш жуда муҳим. Бундан ташқари кундалик турмушда қўлларни совунлаб ювиш, мева ва сабзавотларни ювиб истеъмол қилиш аҳамиятга эга. Болаларни эса бармоқлар, ўйинчоқлар ва бошқа турли нарсаларни оғизга солиш, қўлларни сўриш, тирноқларни тишлаш каби одатларни қилишларига йўл қўймаслик керак. Хожатхоналарни ошхона ва умумий хоналардан камида 25 метр узоқликда қуриш ҳамда уни хлорли оҳак билан ҳар доим зарарсизлантириб туриш, шунингдек, пашшаларни кўпайишига асло йўл қўйилмаслиги лозим. Агар шахсий гигиена қоидаларига тўла риоя қилинса, беморларнинг идиш-товоқлари алоҳида қилиниб, хоналар тозаланиб турилса бу каби касалликларни келиб чиқишини олди олинган бўлади. Шундагина инсон нефақат гепатит, балки кўпгина ошқозон-ичак ва гижжа касалликларидан ҳимоя қилинган бўлади.

Суҳбатингиз учун раҳмат!

  Назокат МАШАРИПОВА,

мухбир