Эрта турмуш, қариндошлар никоҳи

 

Баъзан ота-оналар “қариндошдан қиз олсам, ўртадаги ришталар мустаҳкамланади, ҳарқалай бир-биримизни яхши биламиз, турмушлари мустаҳкам бўлар” деган хомхаёлга боришади. Ҳатто уни амалга ошириб, қариндоши билан қуда бўладилар.

           Хўш, бу қандай оқибатларга олиб келади?

          -Акам билан қуда бўлгандик,-дейди С исмли аёл,-неварам ногирон бўлиб туғилди. Шифокорлар қариндошлик никоҳининг оқибатидан деяптилар. Бугунги кунда фақат афсус, надомат билан яшаяпмиз. Келиним яна фарзандлик бўлишдан чўчиб қолган. Тиббий таҳлиллар шуни кўрсатадики, яқин қариндошлар  никоҳи, эрта турмуш қурган ёшлардан носоғлом фарзандлар дунёга келаркан.  

          Фарзандлар соғлом туғилишини ўйлаган ҳар бир ота-она қариндошлик никоҳи, эрта турмушга йўл қўймаслиги, тўйдан олдин ёшларни тиббий кўрикдан ўтказишга аҳамият қаратишлари керак. Зотан, 1998- йилда қабул қилинган “Оила Кодекси”да никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳуқуқий ҳолати белгиланди.

2002 йил вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тарзда тиббий кўрикдан ўтказиладиган бўлди.

          Яқинда Ўртаёп маҳалласида туман ФҲДЁ бўлими томонидан уюштирилган давра суҳбатида юқоридаги масалаларга эътибор қаратилди. Эрта турмуш, қариндошлар никоҳи, қолаверса, тиббий кўрикдан ўтмай тўй қилиш оқибатлари мисоллар орқали тушунтириб берилди.

Зарарли одатлар-камолот кушандаси

Тумандаги қатор маҳалларда ўтказган давра суҳбатларимизда “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш”, “Алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари” мавзулари доирасида ҳуқуқий тарғиботга аҳамият қаратдик.

          Вояга етмаганлар жисмоний ва ақлий жиҳатдан тўлиқ шаклланмагани боис улар тарбиясига алоҳида эътибор талаб этилади. Назоратсизлик, ўз ҳолига ташлаб қўйиш оқибатида кўпгина кўнгилсиз натижалар келиб чиқиши мумкин. Алкогол ёки тамаки маҳсулотлар истеъмол қилиш ҳар бир организмнинг нафақат ўзига фарзанди соғлигига ҳам путур етказади. Айниқса, спиртли ичимлик, гиёҳвандликка ружу қўйганлардан ногирон авлодлар туғилиши исботланган. Маҳаллаларда ўтказилган давра суҳбатларида ота-оналар, ёшлар иштирок этиб, юқоридаги мавзулар доирасида тушунча ҳосил қилганликларини таъкидладилар.

Зайнаб КАРИМОВА,

туман ФҲДЁ

 

бўлинмаси мудираси