Хусусий мулк ва тадбиркор манфаати-давлат ҳимоясида

         Мамлакатимизнинг демократик янгиланишнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишлардан бири бу-қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш,

хусусий мулк ва тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган тизимни изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборат.

         Республикамизда охирги йилларда қабул қилинган бир қатор қонун, фармон ва қарорлари хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим ҳуқуқий пойдевор яратди.

         Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган, яъни 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-48-48-сонли Фармони хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш ва тадбиркорларга янада кенг имкониятлар беришда муҳим қадам бўлди десак муболаға бўлмайди.

         Фармон асосан тадбиркорларга кенг эркинликлар бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни энг муҳим ва устувор йўнилашларини белгилаб берди.

         Асосий янгиликлардан бири сифатида тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш масаласини фармонда акс эттирилгани бўлди.

         Ушбу норма давлат органларига айбдор ходимларга нисбатан интизомий, маъмурий ёки жиноий  жавобгарликнинг қатъий чораларини қўллаш мажбуриятини юклабгина қолмасдан, балки тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита ушбу ходимлардан ундирилишини таъминлашни ҳам юклайди.

         Шунга кўра, келгуси йилдан бошлаб юридик шахснинг тугатилиши, шунингдек, қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини истисно қилганда тадбиркорлик субъектлари  фаолиятини режадан ташқари  текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши, шунингдек,  тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинишини белгилаб берди.

         Шу билан бирга, янги қабул қилинган Фармонда маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш масаласи давом эттирилиб, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахсларни, улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва ҳуқуқбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод қилиш каби янги чораларни белгилаб берди.

         Фармонда назарда тутилган яна бир муҳим масала бу- келгусида тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазони қўллашнинг тақиқланганлиги бўлади.

         Худди шунингдек, мазкур йилнинг 9 ойи мабойнида тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўриб чиқилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлардан 32 та ҳолатда ҳуқуқбузарлик оқибатлари бартараф қилинган ҳолда, уларнинг тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши  таъминланиб, тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган шахслар жавобгарликдан озод қилинган. Олинган ҳуқуқбузарлик ашёлари тадбиркорларга ўз фаолиятларини қонуний асослардан ташкил этиш учун қайтарилган.

         Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда тегишли касб эгаларидан, хусусан ҳуқуқни қўллаш амалиётини олиб бораётган шахслардан фаоллик ва масъулият талаб этилади.

М.Қиличев,

жиноят ишлари бўйича

 

туман судининг раиси