ХАЁТИМИЗ ҚОМУСИ

Дунёдаги ривожланган демократик давлатларда ҳеч бир шахс, ҳеч бир фуқаро ўз ижтимоий-шахсий ҳаётини, ўзининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини

ҳимоя қилишни Конституциясиз тасаввур қила олмайди. Чунки ҳар бир шахс кундалик ҳаётида Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита мурожаат қилади ҳамда ушбу Асосий қонунга ўзининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаб берувчи олий юридик ҳужжат сифатида қарайди. Шунинг учун ҳам демократик жамиятда яшаётган ҳар бир шахс Конституциянинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб олиши ҳамда шахсий ҳаётида учраб турадиган муаммоларнинг ечимини айнан Конституциядан топа билиши зарур.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси Муқаддима, 6 бўлим,
26 боб ва 128 моддадан иборат. Ўз ички тузилиши билан Ўзбекистон Конституцияси жаҳон конституциявий амалиётига тўла мос келади. Асосий Қонун Муққадимаси жуда
қисқа ва кўтаринки руҳда ёзилган. Унинг моҳияти Конституцияни халқ, яъни давлатнинг ҳақиқий соҳиби қабул қилганлигида ва унда ўз иродасини ифода этганлигидадир.

Конституциянинг асосий мантиқий йўналиши қуйидагича: инсон - жамият-давлат. Биринчи бўлимда мустақил Ўзбекистон давлатининг асосий конституциявий принциплари кўрсатилган. Бундай принциплар қаторига давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, Конституция ва қонуннинг устунлиги ҳамда ташқи сиёсатимиз тамойиллари киради.

Биринчи бўлим конституциявий тузумнинг асосий принциплари йиғиндисидан иборат бўлса, иккинчи бўлим инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ўзбек харитасидир. Бошқача қилиб айтганда, инсон ҳуқуқларининг яхлит ва кенг тизимидир. Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги бўлимнинг давлат ҳокимияти тўғрисидаги бўлимларидан олдин берилганлиги ҳам маълум бир мантиққа асослангандир. Ҳуқуқларни инсонга давлат инъом қилмайди, балки фуқаро ўзига берилган ажралмас табиий ҳуқуқлар мажмуидан онгли равишда ва маъсулиятни ҳис этган ҳолда фойдаланади. “Жамият ва шахс” деб номланган учинчи бўлим одатдагидек эмас, жаҳоннинг биронта Конституциясида бундай бўлим йўқ. Бу бўлимнинг асосий мақсади, фуқаролик жамиятининг анъаналарини тиклаш, ижтимоий уюшмалар ва муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиб, уларнинг ривожланишини таъминлашдан иборат.

Бу бўлимни конституцияга киритилишининг сабаби нима?

Биринчидан, совет тузуми ҳукмронлик қилган йилларда ўта давлатлаштириш сиёсатининг натижаси ўлароқ, жамиятнинг барча жабҳалари давлат назорати остида эди. Айни вақтда давлат тушунчаси жамият тушунчасидан тор бўлиб, жамиятнинг бир таркибий қисмидир, холос.

Иккинчидан, жамият институтлари билан давлатнинг ўзаро муносабатлари, авваламбор, Конституция даражасида белгиланмоғи даркор.

Учинчидан, давлат таркибига кирмаган жамиятнинг иқтисодий негизлари, жамоат бирлашмалари, оила, оммавий ахборот воситалари ўзининг конституциявий мақомини топган.

Конституциянинг тўртинчи бўлими маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилишига бағишланган. Ўзбекистон вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалардан иборат маъмурий-ҳудудий тузилишига эгадир. Республика таркибига Қорақалпоғистон Республикаси ҳам киради. Бу суверен давлатнинг конституциявий мақомига ва Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларига махсус 17-боб бағишланган.

Бешинчи бўлим давлат ҳокимияти органларини ташкил этиш ҳақида бўлиб, унда ҳокимият ваколатларини тақсимлаш принципи ўзининг амалий ифодасини топган, яъни қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органлари конституциявий мақоми муайян тартибда мустаҳкамланган.

Сўнгги, олтинчи бўлим Конституцияни ўзгартириш муаммосига бағишланган бўлиб, ҳуқуқий нуқтаи назардан Асосий Қонуннинг барқарорлигини таъминлашга қаратилгандир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияснинг тузилиши унинг: биринчидан, фуқаролар тинчлигига, яъни миллий ва ижтимоий

тотувликка; иккинчидан, шахс эркинлигига ва сайлов эркинлигига;

учинчидан, сиёсий барқарорликка; тўртинчидан, фаровонлик ва иқтисодий ўсишга; бешинчидан, давлатнинг одамлар олдидаги ўз бурчини бажаришига эришишга қаратилган.

Конституция Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти, яъни халқнинг ўзи бевосита бошқарадиган жамият ва демократик ҳуқуқий давлат қуришни асосий мақсад қилиб қўяди. Унда жами дунёвий неъматлар орасида энг улуғи “инсон” эканлиги ёрқин мужассамлаштирилган. Инсонни улуғлаш, уни муҳофаза қилиш ва ҳар томонлама камол топтириш Конституциянинг асосий ғоясига айлантирилган. Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳуқуқий меъёрлар асосида ишлаб чиқилган ва айтиш мумкинки, уни янада тўлдирган.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш зарурки, Конституция ва қонун устуворлиги жамият ҳуқуқий тартиботининг асоси, унинг ҳуқуқий кафолати, барқарорлик замини  ҳисобланади.

 

У.Ю.Розимов 

Туман прокурори

 

адлия кичик маслаҳатчиси