Васиятнома хусусида биласизми?

Мулк эгаси ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян  қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, 

шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг  ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

          Қонунга биноан мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда мустақил бекор қила олади. Бунда у матнни бекор қилиш ва ўзгартириш сабабларини кўрсатиши мажбурий эмас.

          Агар сиз ҳаётлик пайтингизда васиятномани белгиланган тартибда тузиб қўйган бўлсангиз, мол-мулкингиз васиятнома бўйича мерос қилиб берилади. Масаланинг яна бир томони эса кўпчилик субъектив сабабларга кўра нотариусга боришга журъат этолмайди. Айримлар ўзининг ҳуқуқий жиҳатдан саводсизлигидан тортинади, нотўғри гапириб ишни бузиб қўйишдан чўчийди. Бундай вазиятларда нотариус ҳатто, киши саводсиз бўлганда ҳам тегишли ҳужжат тузишга ёрдам бериши мумкинлигини билиб қўйган яхши. Агар васият қилувчи ҳужжатни ўзи имзолай олмаса, унинг илтимосига кўра, ўрнига бошқа бир одам, агар ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлса, матнга имзо қўйиши мумкин. Васиятномани васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятноманинг матнига ва тасдиқловчи ёзувига ёзиб қўйилади.

          Қонунда асосан мерос қолдирувчининг ўз мол-мулкини ўз билганича васият қилишдаги хоҳиш-иродаси бир қатор ҳолларда чеклаб қўйилиши  мумкинлигини ҳам ёдда тутиш керак. Васият мазмунидан қатъий назар, васият қилувчининг вояга етмаган ва меҳнатга қобилиятсиз фарзандлари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз хотини (эри), ота-онаси, қарамоғидаги боқимлари қонун бўйича ворисликда уларнинг ҳар бирига тегишли мумкин бўлган мол-мулкнинг камида учдан икки қисмини мерос қилиб оладилар. Бу мажбурий улуш деб юритилади.  (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1142-моддаси)

          Васият қилувчининг сўзларидан ёзиб олинган васиятномани имзолашдан олдин васият қилувчи унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан ўқий олмаса, унинг матни васият қилувчига нотариус томонидан ўқиб эшиттирилади. Бу ҳақда васиятномада тегишлича қайд этилиб, васият қилувчи васиятномани шахсан ўзи ўқий олмаганлигининг сабаблари кўрсатилади.

Ш. АБДУКАРИМОВ,

 

туман 2-сон ДНИ нотариуси