БИЗНИНГ БУЮК - НАВОИЙ

Ҳазрат Алишер Навоий буюк мутафаккир, шоирлар султони, алломалар улуғидир. Уни билмайдиган, ҳар бир байтини севиб мутолаа қилмайдиган инсон бўлмаса

керак. Чунки,  биз ўзбек адабиёти тарихини Навоийсиз тасаввур қила олмаймиз. Унинг бизга қолдирган бебаҳо мероси авлоддан-авлодга ўтиб ўзининг қадр қиммати, маънавий аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Ҳар йили феврал ойи сари, қалбимизда буюк сиймога нисбатан чексиз ҳурмат ва эҳтиром қайта жонланаверади. У томонидан ёзилган бебаҳо асарларлар бугун жаҳоннинг  ноёб дурдоналари сафидан муносиб ўрин олган. Унинг ижодини бежиз бир гўзал боғга қиёслашмайди. Чунки, у адабиёт бўстонида  ҳақиқий “боғ” яратувчиси бўлди.  Бу “боғ” эзгуликка йўғрилган бир қатор гўзал шеърлар, рубоийлар, ғазаллар, туюқлар ва байтлар энг асосийси эса бир-биридан мукаммал асарлар билан бойитилди. Қайси жанрда қалам тебратмасин мисраларидаги теранлик, чуқур фалсафий маъно, тарбиявий аҳамият уни бошқа ижод вакилларидан ажратиб келган. Шунинг учун ҳам замонасининг кўплаб алломалари-ю уламолари Навоийни улуғлаганлар. Уни муносиб таърифлаганлар.  Жумладан унинг устози буюк хассос шоир Абдураҳмон Жомий шундай фикрларни келтирган..

“Шукрлар бўлсинким, у асарларини туркийда ёзган, акс ҳолда бизнинг форсийда ёзган асарларимизни ҳеч ким ўқимас эди”.

          Ҳақиқатда Навоий барча замондошлари таърифида беназир ва бебаҳо кишилардан саналган. Нафақат шоир балки, давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам инсоннинг бахт-саодати йўлида, ободонлаштириш ишларига, илм фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшган. Шунинг учун ҳам бугун Навойи сиймоси ҳар бир ўзбек қалбида ўчмас ёрқин хотиралар билан абадий яшамоқда. Мустақиллигимиз меъмори биринчи Президентимиз Навоий дахосига муносиб баҳо бериб қуйидаги фикрларни келтирганлар.. “Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури , бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намоёндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир. Таъбир жоиз бўлса, оламда туркий ва форсий тилда сўзловчи бирон –бир инсон йўқки, у Навоийни билмаса, Навоийни севмаса, Навоийга садоқат ва эътиқод билан қарамаса”.

         Дарҳақиқат, буюк Навоий бобомиз чинакам қудрат соҳиби эди. Унга чиндан ҳам эътиқод ва садоқат билан билан қараймиз ва қадрлаймиз. Ўлмас бебаҳо меросини асраб-авайлаш эса биз авлодлар олдидаги катта вазифадир.

 

 

Р. Исмоилова.