Тоҳир Маликнинг “Алвидо болалик” асарини ўқиб

“Ҳозир қўлимга милтиқ бериб қўйишса-ю, дарвозадан отам билан онам кириб келишса, шартта отардим. Ана ундан кейин ўзимни отиб ташлашса, майли.

Йўқ, аввал суд бўлиши керак. Судда гапиришим шарт. “Боласини ташлаб кетган ота-онанинг жазоси. шу”,-дейман..”

 

Ушбу сўзларни эшитган ҳар қандай инсон ҳайратдан ёқа ушлаши табиий, наҳотки, инсон ҳаётда ўз ота-онасидан шунчалик нафратланса, ҳатто уни ўлдириш даражасига етса.

 Ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Алвидо болалик” асарини ўқисангиз аншундай дард ичида ёнган ўсмирлар ҳаёти, уларнинг аянчли қисматлари сизни чуқур ўйга солиб қўяди. Ушбу асарни ўқиб, кўнглимдан шундай мулоҳазалар кечди. “Алвидо болалик”  шунчаки ёзилган, оддий асар эмас. Бу ўзининг ҳаёт йўли ёришмаслигини билиб,  шу йўлни зулматга айлантирган инсонлардан қасос олишни ўйлаб, умрининг энг ширин палласини ўқиб-билим олишга сарфлашдан кўра жиноят кўчасига кирган ўсмир йигитнинг изтироблари ҳақидаги мукаммал асар. 3 та дўст Асрор Қамариддин,  Салим атрофида кечадиган воқеалар ҳеч бир китобхонни бефарқ қолдирмайди.  Асар якунида  дўстларнинг ачинарли тақдирига чиндан ҳам куйиндим. Шўхликми, бефарқлик туфайлими  умрининг энг гўзал онларини қандайдир бир қасос ўтига алмаштирган, борига қаноат қилмай,  гул ёшлигини зулматга айлантирган, иродасиз, ғўр, тақдирига бефарқ бундай ёшларнинг ҳаётидан тўғри хулоса чиқариш керак, деган хулосага келдим. Кимгадир қасд қилиб беғубор ёшликни зулматга айлантириш нодоннинг иши. Чунки, ёшликда қилинган ҳар бир ҳаракатлар келажакка ташланган илк қадамдир. Уни бемазмун, фойдасиз ишлар билан ўтказмасдан, ҳунар эгаллаб, билим олиб, ота-онага, Ватанига муносиб фарзанд бўлиб етишиш бурчимиздир. Тенгдошларимга ҳам ушбу асарни ўқишни тавсия қиламан, ундан қандай хулоса чиқариш эса ўзингизга боғлиқ.

Машҳура БЕКТУРДИЕВА,

 

29-сон мактаб ўқувчиси