Нурли йўлга бошловчи машъала

 

 

Китоб энг олис ва зимистон

умр йўлларида инсонга нур бағишлаб

 турувчи сеҳрли чироқдир.

(Упит)

Китоб ҳақиқатан инсонларни маънавий қашшоқликдан асровчи, эзгу мақсадларга чорловчи, қалбимизни, умр йўлимизни зиё нури билан тўлдирувчи шамчироқдир.

Китобга ошно бўлган инсоннинг фикрлаш қобилияти теран, сўзлари маънили, маънавияти бутун, ҳаётга қарашлари ўзгача бўлади. Бироқ ҳозирги кунда кўпчилик ёшларимиз онгини  китоб ўқишдан кўра комьпютер, телефонлардаги бўлмағур ўйинлар эгаллаб олмоқда. Уларнинг фикрича, телефон ёки компьютерда кутубхона мавжудмиш. Керакли вақтда ундан ҳам фойдаланса, бўлар экан. Балки бу ҳам қайсидир маънода тўғридир. Ҳозирги глобаллашув жараёнларида кўпчилик асарлар интернетга жойлаштирилади, улардан ҳам фойдланган ҳолда ўзимизга керакли асарларни танлаб ўқиш имконияти мавжуд. Лекин комьпютер, интернет сайтлари, телефонга ружу қўйган ёшларнинг фойдасиз ўйинлардан ортиб китоб ўқишларига ишониш қийин. Китобни савиясини комьпютер ёки телефон билан тенглаштириш нотўғри.  Чунки, китобни ҳис қилиш унга меҳр қўйиб мутолаа қилишнинг завқи бўлакча. Президентимиз ҳам ўз маърузаларида қайта-қайта китоб ўқиш, китобга қайтиш маънавиятни бутун қилишини илгари сурмоқдалар. Бизнинг буюк бобокалонларимиз, маънавияти бутун уламоларимиз ҳам китоб билан шундай улуғлик даражасига етганлар, шунинг учун ҳам неча-неча замонлар ошса ҳам улар томонидан илгари сурилган фикрлар, қарашлар, бизгача етиб келган бебаҳо асарлар ҳам ўз маънавий қиёфасини йўқотмай келмоқда. Шундай экан, келинг,  биз ёшлар ҳам бир дақиқамизни бекорчи нарсалар билан ўтказмасдан  мутолаага сарф қилайлик,  ўқиб-ўрганайлик, илм олайлик шундагина кўзлаган ҳар бир мақсадимизга ета оламиз.

Раҳима САЪДУЛЛАЕВА,

Рўзагул ЖУМАНИЁЗОВА,

 

УрДУ талабалари