Ўзбекча тонг

Тонгни яхши кўраман. Тонг озода келинга ўхшайди. Ва яна онамни эслайман. У жуда ҳам саранжон-саришта аёл эди. Барчамизни тонг отмасдан уйғотарди. Тонгда ризқ

бўлади, дерди. Болаликда ризқ нималигини тушунмасак-да, эриниб-эриниб уйғонардик. Ва тонгдан қандайдир маўъжиза кутардик.  

Энди билсам бу мўъжиза тириклик жавҳаридаги умид экан... Ҳали-ҳамон тонгни орзиқиб кутаман, мўъжизани ҳам. Шаҳарчилик, баъзида ўрнимда ётганча уни кутиб оламан. Ростини айтсам, шундай пайтларда тонгдан уялиб кетман. Чунки онам тонгни ҳаммаёқни озода қилиб, юз-қўлини ювиб кутиш керак, деб таъкидлагани –таъкидлаган эди...

... Қайсидир даврада хориж сафаридан қайтган бир дўстимиз энтикиб-энтикиб у ернинг тонгини мақтади.

-Тонг гўё денгизлар устидан сакраб-сакраб келаётгандек эди,-деди у.

Шунда мен негадир оғриндим. Ичимда ўйладим, наҳотки бу дўст ўзбекча тонгни кўрмаган бўлса?! Юрагимда ногаҳон тонгнинг қадамларини эшитаман. Кўз олдимда азиз манзара тикланади. Оқ тераклар маъсум жилмаяди. Боғлар қадим оҳангда тебранади. Атрофга меҳринг мушки таралади. Сўнг эса оппоқ саватини ризққа тўлдирган тонг кўринади. У эринмай ҳар бир деразадан бош суқиб, ҳол сўрайди, ризқ тарқатади. Эшик қўнғироқлари шодликдан ҳайқиради:

Сизга сут, қаймоқ керакмасми?! Кўчалар фаррошларнинг супургиси оҳангида бағри тўлиб куйлайди. Карнай-сурнайларнинг бахтиёр овози жарчилик қилади:

Ҳамма наҳорги ошга!

Дарахтларнинг ишқидан сархуш қушлар тирикликка ишққа ҳамду сано айтиб сайрашга тушади. Уларнинг чуғурлаши юракнинг бир торига келиб урилади ва юрак ҳам янги орзуларни куйлашдан маст бўлади...

Кўнглимда тикланган манзарадан хушбахтланаман. Ва ҳеч кимга сездирмай даврани тарк этаман. Йўл бўйи осмонни тўлдирган юлдузлар мени таъқиб қилади. Уларнинг шивир-шивири жуда яқиндан эшитилади. Аммо уларга парво қилмайман. Ахир мен тонгни кутишга кетяпман.

Йўлимни қандайдир қора, дайди мушук кесиб ўтади. Таққа тўхтайман. Иримга ишонмасам-да, йўлни айланиб ўтмоқчи бўламан. Аммо олдинда тонг борлиги эсимга тушиб мардона қадам ташлайман...

Чўлпон юлдузи кипригимга қўнганда уйғонаман. Ўзбекча тонг онамга ўхшаб кетади. Онамнинг каштали куйлагини кийиб келади. Деразадан сирғалиб киради-ю кўзларимга соғинч билан тикилади. Тонгни тўйиб-тўйиб ҳидлайман. Ундан Ватанимнинг, Ватанимдан эса онамнинг хушбўй ҳиди келади.      

Ҳалима АҲМАД