Ҳазрат Навоий ва шоҳ Xусайн

Улуғ шоир, буюк инсон, авлиёсифат шахс Алишер Навоий дўст-у шогирдларига бўлган муносабатида беназир эди. Эҳтиром ила муомала қилар сўзни эътибор билан

тинглар, муаммоларга ечим ахтарар, атрофдагиларни маънан ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга интилар эди. Болаликдан бирга ўсган дўсти Ҳусайн Бойқарони жуда қадрлар, давлат ишларини бошқаришда унга ҳамиша ёрдам берарди. Уларнинг ўзаро муносабатлари тарихий асарларда иншо қилинган. Хусусан, шоирлар султонининг севимли шогирди Хондамирнинг “Макорим ул аҳлоқ” асарида бу ҳақда маълумот берилади. Шоир 1469 йили Самарқандда яшаётганида Ҳусайн Байқаро Ҳирот тахтига ўтиради. Навоийга махсус фармон ва Самарқанд ҳокими Аҳмад Ҳажибекка мактуб йўллайди. Пойтахтга таклиф этилган шоир ўз фикр ўйлари хусусида “Вақфия” асарида муфассал баён айлайди. Ёш Алишер ҳаёжон ва ёшлик сурури ила дўсти Ҳусайнга бағишлаб “Ҳилолия” номли қасидасини ёзади. У дўстини Ҳирот-яъни салтанат осмонида кўринган янги ой –ҳилолга ўхшатади. Унинг гўзал сифатларини қаламга олиш билан бирга ўз тилакларини, кўнглидаги орзуларини ҳам пинхона тарзда ифодалайди. Зеро, Навоийнинг ўз дўсти – шоирона қалб эгаси, илмга қизиқувчи, мусиқага мафтун инсондан умидлари катта , уни халқпарвар бўлишига, бобоси Амир Темур изидан боришига жуда ишонар эди.

         Ҳусайн Бойқаро ҳам ўз навбатида улуғ зот, бебаҳо дўстини жуда қадрлаган. Унга бўлган ҳурмати, ишончи сабаб, энг катта мансаб-муҳрдорлик лавозимига тайинлайди. Биладики, Алишер дўсти ҳушёрларнинг ҳушёри, жаҳондаги уламолар уламоси, қалби поқ, авлиёсифат шахс эди. Уни хато қилиши ёхуд ғараз мақсадларни кўзлаши асло мумкин эмас. Шоир Ҳусайннинг ишончини оқладигина эмас, унга давлатни идора қилиш, мамлакат ичидаги низоларни бартараф этишда ҳам катта ёрдам кўрсатди. Ҳусайннинг тахти у орқали янада мустаҳкамланди, юртда тинчлик, фаровонлик барқарор бўлди.

         Навоий ва Ҳусайн Бойқарони ўзаро боғлаган ришталардан бири бадиий ижод эди десак асло муболаға бўлмайди. Одатда ижодкор кўнгиллар бир-бирига яқин бўлади, бири-биридан мадад олади. Ҳусайний тахаллуси билан шеърлар ёзган Ҳусайн дўстига ўқиб беришни ва ундан маслаҳат олишни канда қилмаган. Бирор янги ғазал ёздими ,уни Алишерга илинар, унинг фикрини билишга қизиқарди.

         Ҳусайн Алишердан иморатлар қурдиргани, юрт ободлигига ҳисса қўшгани учун янада миннатдор бўлар, дўстини меҳр ва эҳсонлар ила сийларди.

         Шоирнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида Ҳусайн Бойқаро шеърлари таҳлил этилади, Навоий унинг ижодига ижобий баҳо беради.

         Шоир “Ҳамса” асарини яратишга киришар экан, шоҳ бунга юксак эътибор ва эҳтиром ила қарайди. Далда берувчи фикрлари ила уни қўллаб-қувватлаб, ижод сари ундаб туради. Ҳазрат Навоий ҳам асарини ёзиб тугатиши билан шоҳ ҳузурига элтади.

         Ривоятлар, тарихий манбаларда айтилишича, шоҳ ушбу хушхабарни хурсандчилик билан  қаршилаган, шоирни тулпорига миндириб, Ҳирот кўчалари бўйлаб айлантирган экан.

         Бу воқеалар Ҳусайннинг ижод аҳли, айниқса Навоийга бўлган юксак эҳтироми белгисидир.

         Истиқлолдан олдин шоир ва шоҳ муносабатлари ўзгача талқин қилингани, Ҳусайн Бойқарога қора бўёқ чаплаб ташлангани ҳеч кимга сир эмас. Мустақиллик туфайли тарихий манбаларни ўқиб-ўрганиб,ўз аслича халқимизга етказиб беришга аҳамият қаратилмоқда, маданий, адабий меросимизни бемало тарғиб қилмоқдамиз.Бу жиҳатдан олиб қараганда шоҳ ва шоирнинг ўзаро дўст бўлганликлари, ҳамиша бир-бирини қўллаб, эъзозлаб яшаб ўтганликлари  тўғриликча талқин этилмоқда.

         Уларнинг дўстлиги, ўзаро муносабатлари, шоирнинг буюк ҳислатларидан ибрат олмоқ ва ўрганмоқ лозим.

М.Тиллаева