Умидли дунё

Неварасининг қадам товуши Ўрозмат отани ҳушёр торттирди, тезда хаёлларини йиғиштириб олди.  -Бува, ҳовлига чиқмайсизми, ҳаво бирам ёқимлики, танангиз яйрайди.

         Отахон жавоб бермади. Невараси секингина келиб, унинг қўлтиғидан олди. “Майли, чиқсам-чиқақолай, ўйлади у, ичкарида жимликда ўтиргандан кўра...”

         Неварасига суянар экан, кундан-кунга бақувватлашиб бораётган жуссанинг кучини ҳис этди. Бундан 5-6 йил илгари ушбу қўллар ушоққина эди. “Умр ўтаяпти, Ўрозмат сафаринг қарияпти, ич-ичидан сўзланди у. Вақт югурик от деганлари шу экан-да”.

         -Мана бува, келдингиз, -деди невараси,-хоҳласангиз ёнбошланг, ҳаво очиқ, ажойиб.

         -Билиб турибман,-деди Ўрозмат ота,-эрталабдан қушлар сайраяпти.

         -Ҳа, шунинг учун юринг, дедимда,-жавоб берди невара,-ичкари барибир диққинафас.

         Аслида Ўрозмат отага ташқари ҳам, ичкари ҳам бир. Етти йилдан бери кўзлари кўрмайди. Ҳеч кимни ёруғ жаҳондан бенасиб қилмасин экан. Бир-икки маротаба докторларга кўринди, фойдаси бўлмади.  Жарроҳлик ёрдам беради дейишувди, кўнмади. “Аллоҳнинг иродаси шу, пешонамда бор экан” деб туриб олди. Фарзандлари ноилож, отани мажбурлашмади.  Ота ҳам шукур қилиб яшаяпти, ҳайриятки, қулоқлари яхши эшитади.

         Мана бугун ҳам ўтган-кетганнинг қадам товушига, овозларига қулоқ тутиб ўтирибди. Супа ҳам шундоққина йўлнинг биқинида. Эрталаблари, пешин роса гавжум бўлади. Негаки сал нарида коллеж, мактаб жойлашган. Ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам шу ердан ўтиб боришади. Бундан бир неча йиллар олдин супада ўтирганида йўлдан ўтган зот борки, ота билан саломлашарди. Аста-секин салом бериб, сўрашиш камайди. Кўрмаганга кўринмаслик мумкин дейишса керак-да.  Акс ҳолда... Лекин ота қадам товушларини яхши илғайди. Айниқса катта ёшлилар жим ўтаётганида истиҳола қилади. Кўринмас одамга айланиб қолсам-у, ҳақиқатан ҳам ҳеч ким мени илғамасайди деб ўйланаверади.

         Мана бугун ҳам... Дўқ-дўқ-дўқ-дўқ....

         Бу товушлар Исоқнинг неварасига тегишли. Тез-тез, шошиб одим отади. Отани илғамайди ҳисоб. Лекин нариги ҳовли рўпарасига борганида қуюққина саломлашади.

         Ана яна кимдир келяпти. Яхшиси қулоқ тутмагани маъқул. И-я тўхтадими?

         -Ассалому –алайкум ота?

         - Ваалайкум-ассалом, умрингдан барака топ ўғлим.

         -Ота, мени танимаган чиқарсиз?- йигит бир зум тўхтаб олди,-Норимон отанинг неварасиман.

         -Эй, ҳа, барака топ болам, Норимон раҳматлик яхши одам эди. Қодирбойнинг ўғлимисан?

         -Ҳа, топдингиз. Энди ҳар куни шу ердан ўтаман. Ўқишим битди. Коллежга ишга тушдим.

         -Шунақа де, умрингдан барака топ.

         Йигит хайр-хўшлашиб, сал олдинроқда уни кутиб турган тенгдоши-Исоқнинг невараси томон ошиқди.

-         Бунча ҳаялладинг?-сўради Йигит.

-         Ўрозмат ота билан салом-алик қилдим.

-         Ахир у сени кўрмайди-ку, сени сезмасди ҳам, вақтингни бекор кетказдинг.

-                    Ҳечам-да. Қалб кўзи билан кўради. Уят, шундай отахоннинг ёнидан индамай ўтиб кетиш. Кўзи кўрмаган билан  эшитади, сезади.

-                    Ҳаа..

         Ота суҳбатни сўзма-сўз эшитди ва яна ўз хаёлларига ғарқ бўлганича ўтираверди.

         Эртаси куни невараси етовида яна ўз жойини эгаллади.

         Қадам товушлари супага яқинлашди. Улар икки одам дея тусмоллади ота.

         -Ассалому –алайкум,-икки йигит баравар салом берди.

         Ҳа бири Норимонни, яна бири Исоқнинг невараси...

         -Отахон,- дея сўз бошлади Норимоннинг невараси,-шу десангиз сизни талабалар билан учрашувга таклиф қилгани келдик. Урушда қатнашгансиз. Ёшлар шундоққина ёнларида қаҳрамон ота яшаётганини билишсин. Хотираларингизни гапириб берасиз.

         - Шу аҳволимдами?

         -Аҳволингизга нима бўлибди. Мен сиз ҳақингизда директорга ва ўқитувчиларга айтувдим, роса хурсанд бўлишди. Энди “йўқ” деманг.

         Ўрозмат ота ўйга толди. Урушнинг оти ўчсин. Қанчадан-қанча инсонларнинг ёстиғини қуритди. Лекин, қандай бўларкан?

         Белгиланган кун йигитлар машинада уни коллежга олиб кетишди. Невараси қўярда-қўймай орден-медалларини кўксига қадаб қўйди. Ота залга кириши билан қарсаклар янгради. Яхши кайфиятда хурсандлик билан уйига қайтди.

         Эртаси куни...

         Ўрозмат ота эндигина супага чиқиб ўтирган ҳам эдики, олдин оёқ товушлари кейин ўзаро суҳбат қулоғига чалинди:

         -Ана, отахон кўринди, юр яқинроғидан бориб, саломлашиб ўтамиз, яна эшитмай қолмасинлар.

         - Ассалому-алайкум, ота,- дейишди жўр бўлиб қизчалар. Ота алик олгунча бўлмай яна қадам товушлари-ю, овозлар эшитилди. Ҳамма у билан сўзлашгиси келар, кўнгли эса кўтарилган, назарида ўзи ҳам камида ўн ёшга яшаргандек эди.

         Кечқурун катта ўғли узоқ суҳбатлашиб ўтирди. Отанинг таассуротлари билан қизиқди ва бир нима демоқчи бўлди-ю, ўйланиб жим қолди. Шунда беихтиёр отанинг тилига шундай сўзлар келди:

         -Ўғлим, розиман, мени жарроҳга олиб бор, ҳали ёруғ оламда қиладиган ишларим кўп экан.

М.Тиллаева