Масъулиятсиз, суистеъмолчи мудиранинг қилмишлари

 

Мансаб масъулият, ишонч демакдир. Кимнидир юқори лавозимга тавсия қилишар экан, у борган жойида тартиб ўрнатади, ваколати доирасида ибратли ишларни

амалга ошириб, халқ олқишига сазовор бўлади, дея ишонч билдирадилар. Лекин барча мансабдорлар бир хилда ишончни оқламайдилар. Балки ўз манфаатини ўйлаб, номақбул ишларга қўл урадилар.

          Ўзбекёп қишлоғида жойлашган 12-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Муяссар Матёқубованинг қилмишлари хусусида маълумотга эга бўлсангиз, юқоридаги фикрлар нақадар тўғрилигига ишонч ҳосил қиласиз.

          1959 йилда туманимизда  туғилган М. Матёқубова 2007 йил 7 июлдан мудира сифатида фаолиятини бошлайди. 10 йил давомида таълим-тарбия ишларини юқори босқичга кўтариш масаласига эътибор қаратиш ўрнига ноқонуний ишларга қўл ура бошлайди.  Хусусан, адлия вазирлиги томонидан “Бюджет ташкилоти ва муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси тўғрисида”ги Низом талабларини бузган ҳолда 2012 йил январь ойидан 2016 йил ноябрь ойигача ўзига моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан 3 805,0 минг сўм рағбатлантириш пули ёзиб олади. Фуқаро К. Атамуротов билан келишган ҳолда уни ва қизи Ш. Йўлдошевани мусиқачи вазифасига ишга қабул қилади. Улар ишга келмаган бўлсалар-да, сохта табель тузиб, жами 5 222,4 минг сўмни ойлик иш ҳақи сифатида тўлаб, талон-тарож қилади.

          Жиноят ишлари бўйича туман судининг мажлисида суистеъмолликка йўл қўйган мудиранинг қилмишлари кўриб чиқилди. У томонидан келтирилган зарар тўлиқ қоплатилди.

М. ҚИЛИЧЕВ,

жиноят ишлари бўйича

 

туман судиниг раиси