СОҒЛИГИМИЗ ЭЪТИБОРДА ЭКАНЛИГИДАН ФАХРЛАНАМИЗ

“БИЗНИНГ СОҒЛИГИМИЗ ЭЪТИБОРДА ЭКАНЛИГИДАН ФАХРЛАНАМИЗ”, -дейди туманимизнинг Уйғур қишлоғида яшайдиган Нафиса Отажонова.

-Эндигина 2 ёшни қаршилаётган фарзандим бор. Менинг ва боламнинг саломатлигини доим шифокорлар назорат қилишади,-дейди Нафиса опа. Уйимиз чекка қишлоқда бўлса ҳам тез-тез соғлигимиздан хабар олиб кетишади. Яқинда уйимизга 2 нафар шифокор келди. Бири болалар шифокори, бири катталар шифокори экан. Тўғриси, уларнинг келганидан, соғлигимиз давлатимиз эътиборида эканлигидан жуда мамнун бўлдим. Яна, шифокорларнинг “Агар болангиз безовта бўлса ёки ўзингизда бирор ноҳуш ҳолатларни сезсангиз тортинмасдан телефон қилаверинг, биз тезда етиб келамиз”,-дея қўл телефон рақамини ташлаб кетганликлари  бизни янада бахтиёр қилди. Бугунги кунда тиббиёт ходимларидан тегишли маслаҳат ва тавсиялар олиб турибмиз.

         Ҳа, Нафиса опа билан суҳбатлашар эканмиз, болаларнинг туғилиши, оналарнинг ҳомиладорлик пайтидан тортиб туғишдан кейинги пайтигача кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларни алоҳида тилга олади.

         -Хомиладорлик пайтимда кўп безовта бўлардим, юришга қийналардим, бирор бир юмушни ҳам эплолмасдим ҳатто. Шунда шифокорлар аҳволимни кўриб, дарров шифохонага ётқизишди. Ўзимни, туғилажак боламни жуда эҳтиёкорлик билан  даволашди. Бугун шифокорларга шукронам чексиз. Худога шукур болам соғ-омон дунёга келди. Шунда ҳам ҳозирда тиббиёт ҳодимлари тез-тез соғлигимиздан хабар олишади. Уларнинг борига шукур. Давлатимиз томонидан она ва бола саломатлигига катта эътибор қаратилиб, тиббиёт ходимлари томонидан шундай ғамхўрликлар билдирилаётган экан, биз бундан чексиз миннатдормиз.

         Соғлом боланинг дунёга келиши, соғлом она, осойишта ватан бағрида улғайиши ҳар бир оилага, ҳар бир инсонга қувонч бағишлайди. Саломатлиги давлатимиз диққат марказида бўлган оналардан эртага соғлом фикрли, ўткир нигоҳли келажак эгалари, буюклар етишиб чиқади.  Зеро, бугунги қилган эзгу ишларимиздан эртага ўзимиз фахр ҳиссини туйсак ажаб эмас.

Назокат МАШАРИПОВА