Ҳамкорликда ҳикмат кўп

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш,  оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилаларда соғлом муҳитни  шакллантириш борасида олиб борилаётган

ишлар кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. ҚВП, маҳалла, ўқув муассасаси ва оила ҳамкорлигининг самаралари

Айниқса, бу борада маҳалла, коллеж, мактаб, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда оила ҳамкорлигининг кенг йўлга қўйилганлиги ўз натижасини бермоқда. Биз бу жараённи “Тошкент” қишлоқ врачлик пунктида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мисолида таҳлил қилар эканмиз, ижтимоий шериклик тамойиллари асосида олиб борилаётган чора-тадбирларнинг аҳамияти билан қизиқдик.


Мухбир:


- Инсон учун саломатликдан ортиқ бойлик йўқ. Истиқлол йилларида эл соғлигини мустаҳкамлаш масаласига давлат сиёсати даражасида қаралиб келинмоқда. Шифокорларимиз таъкидлаганларидек, касални даволагандан унинг олдини олган афзал. Шу маънода давра суҳбатимизни соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг самаралари ҳақидаги мулоҳазалар билан бошласак.


А. БОБОЖОНОВА, ҚВП мудири:


    -Дарҳақиқат, профилактика чора-тадбирларини кучайтирмасдан, оилаларда тиббий маданиятни юксалтирмасдан туриб, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Инсон ҳар қандай кўникмани оиласида шакллантиради. Жумладан, соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилишни ҳам оилада ўрганади. Шахсий гигиена, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатлардан сақланиш инсоннинг турли хасталиклардан холи бўлишига, узоқ умр кўришига хизмат қилади. Шу ўринда кейинги йилларда маҳаллалар қошида “Саломатлик сектори” фаолиятининг кенг йўлга қўйилганлиги соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Секторга ҚВП врачи раҳбарлик қилади. Патронаж ҳамшира, маҳалла фаоллари ҳафтанинг ҳар бир куни учун белгиланган ном асосида нуронийлар, ҳомиладорлар, болалар ва ўсмирлар, аёллар ва қизлар билан алоҳида иш олиб борадилар. Хонадонларга ташриф буюрадилар. Ўқув муассасаларида, оилаларда спорт  ва жисмоний тарбияни кенг жорий қилиш чоралари кўрилади.  Сектор фаолияти мунтазам таҳлил қилиб борилади, аниқланган камчиликлар, муаммоларни ҳамкорликда ҳал қилиш чоралари кўрилади. Умуман, қишлоқ врачлик пунктимиз томонидан патронаж хизматига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муассасамиз 10059 нафар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатади. Аҳоли ўртасида турли касалликларнинг олдини олиш, болалардаги гемморагик касалликлар билан курашиш, оналар ва болалардаги камқонликларга барҳам беришда олиб бораётган профилактик чораларимиз ўз самарасини бермоқда.


Мухбир:
Соғлом болани соғлом аёл дунёга келтиради. Демак, бола соғлом туғилишида ҳомиладорлик даврида аёлнинг саломатлик даражаси, унга қаратилаётган эътибор муҳим ўрин тутади, шундай эмасми?


Марямжон МАМЕТОВА,ҚВП акушер-гинекологи:
-Худди шундай. Фарзанд оилага чинакам қувонч, бахт олиб келиши учун  бўлажак она ўз саломатлигига эътиборли бўлиши, шифокор тавсияларига риоя қилиши лозим. Ҳафтанинг ҳар сешанба куни ҳомиладор аёллар билан  суҳбатлашамиз туғруқни режалаштириш, ҳомиладорлик даври таксикозлари, ҳомиладорлик пайтида рационал овқатланиш, чақалоқни тўғри парваришлаш, кўкрак сути билан тўла эмизиш, чилла даври гигиенаси борасида керакли тавсия ва маслаҳатлар бериб борамиз. Тиббий кузатувлар аёл ва бўлажак фарзандини ҳомиладорлик ва ундан кейинги даврда соғ - саломат бўлишларини таъминлайди. Ҳомиладорлар учун туғруққа қадар 7 маротаба тиббий кўрик белгиланган, 12 ҳафтагача улар тор мутахассислар кўригидан тўла ўтишади. Энг муҳими, барча ҳомиладорлар тўла скрининг текширувига йўлланма оладилар ҳамда текширувдан ўтадилар.


Мухбир:
Юқорида таъкидлаганимиздек, инсон саломатлиги кўплаб омиллар билан боғлиқ. “Саломатлик сектори” томонидан аҳоли саломатлигига таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф қилиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?


 Меҳрибон МАТЁҚУБОВА, Кенагас қишлоқ, Кенагас маҳалла маслаҳатчиси:
- Оилада соғлом фарзанднинг туғилиши ёлғиз онага боғлиқ эмас, бунда қайнонанинг, қолаверса турмуш ўртоқнинг ўрни ҳам алоҳида. “Саломатлик сектори”нинг иш режаси асосида олиб борилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бераётганига кенг жамоатчилик ҳам гувоҳ бўлмоқда. Ҳамкорликдаги ишларимиздан кейин маҳаллада эрта  ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ, оилавий ажримлар, дабдабали тўйлар,  аёллар ва ёшлар ўртасидаги турли жиноятлар, носоғлом чақалоқлар туғилиши, оналардаги турли касалликлар ўтган йилларга нисбатан анча камайган. Тарғибот ишларимизда бўлғуси оналарнинг овқатланишидан тортиб, қай вақтда дам олиши, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиб беришлари хусусида ҳам суҳбатлашамиз. Ёшлар билан суҳбатларда гиёҳвандлик, кашандалик,  спиртли ичимликлар истеъмол қилиш каби зарарли одатлардан сақланиш, ОИТСдан ҳимояланиш, турли оқимлар, “оммавий маданият”, ноқонуний миграция масалаларига кенг тўхталамиз. Атроф-муҳитни асрашга, спорт билан мунтазам шуғулланишга ундаймиз.

Санобар КАРИМОВА, қайнона:
Шифокорлардан миннатдорман, набирали бўлгунимча келинимдан маслаҳат ва тавсияларини аяшмади. Неварали бўлганимдан кейин ҳам тиббий кўрик ва эмлашлар ўз вақтида бажарилди. Келиним ҳомиладорлигида берилган витрум перенатал таблеткалар, текширувлар туфайли чақалоқ соғлом, онасида камқонлик аломатлари кузатилмади. Уларнинг беминнат ёрдами туфайли бугун уйимизга қувонч тўлди.


Шаҳноза МАШАРИПОВА, Келин:


    -Соғлом фарзанд оила бахти, ўз вақтида шифокорлар томонидан берилган тавсиялар, тиббий текширувлар олиб борилгани, витаминли маҳсулотлар истеъмол қилиб борганим фарзандимни соғлом туғилишга катта замин яратди. Бунинг учун қайнонамдан алоҳида миннатдорман. Мени  уринтирмай ўз фарзандидай қабул қилиб керакли маслаҳатларини бериб  9 ой давомида мендан меҳр ва этиборини аямади. Фарзандим ҳам бирор марта касаллик билан оғримади. Буларнинг барчасида менга келин бўлган хонадонимда кўрсатилган ғамхўрлик, қолаверса маҳалла аҳли, шифокорларнинг ўрни беқиёс.


Мухбир:
-Кейинги йилларда ўсмир ёшдаги қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш масаласига ҳам алоҳида ёндошилмоқда. Бу қизларимиз саломатлигига ижобий таъсир кўрсатаётгани аниқ.Шу ўринда қизлар билан ишлаш борасидаги тажрибаларингизни ўртоқлашсангиз.


Нафиса ЖАББОРОВА, Туман касб ҳунар коллежи руҳшуноси:
- Қиз бола гулдан нозик. Коллежимизда ўтказилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик натижасида қизларимизда аниқланган айрим касалликларни бартараф қилиш юзасидан шифокорларимиз тегишли тавсия бердилар. Қишлоқ врачлик пункити, маҳалла ҳамкорлигида олиб бораётган ишларимиз қизларимизнинг билимли, одобли, турли ҳунарларни эгаллаган ҳолда камолга етишларида муҳим ўрин тутмоқда. Қизлар ўртасида эрта турмуш тўхтатилди, муаммоли вазиятлар ҳали бирор маротаба кузатилмади. Бундан ота-оналар ҳам жуда мамнун бўлдилар.

Давра суҳбатида билдирилган фикр-мулоҳазалардан аён бўлдики, ҳар биримиз ўзимиз ва яқинларимиз саломатлиги учун масъулмиз. Бу шифокорнинг вазифаси, бу маҳалланинг иши, бунга ўқитувчи масъул дея, атрофга совуққон муносабатда бўлмасдан, олиб борилаётган ҳакморликдаги чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлашга барчамиз ҳисса қўшишимиз зарур.
Руҳия ИСМОИЛОВА ёзиб олди.