ЭМЛАШ – БОЛАНГИЗ СОҒЛОМ ЎСИШИНИНГ ГАРОВИ

Ҳар бир она фарзандини соғлом бўлиб вояга етишини чин дилдан истайди. Боланинг саломат бўлишида, турли хил касалликларга қарши кураша олишида эмлашнинг ўрни

катта, дейишмоқда шифокорларимиз.Олий тоифали болалар шифокори, иммунолог Нигора Раззоқова билан бўлган суҳбатимиз айни эмланишнинг болалар ҳаётида тутган ўрни ҳақидаги қуйидаги саволларга ойдинлик киритади.

    -Нигора опа, мана ҳозирги дақиқаларда эмлаш жараёни давом этмоқда. Айтингчи, эмланиш бола ҳаётида қанчалик аҳамият касб этади? Эмланиш орқали қандай касалликлардан воқиф бўлиш мумкин?
    -Эмланиш бола ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга. Эмланган боланинг иммунитети кучли бўлиб, у ҳар қандай касалликка қарши кураша олади. Мана ҳозирда поликлиникамизда эмлаш давом этмоқда. Эмланган бола ўзини ногиронлик ва ўлимга сабаб бўлувчи ҳар қандай касалликлардан ўзини ҳимоя қила олади. Аксарият эмлаш турлари эса касалликларга қарши деярли тўлиқ ҳимояни таъминлаб беради. Эмлаш асосан саккизта ҳавфли касалликни олдини олади. Яъни, қизамиқ(миянинг жароҳатланиши ва кўр бўлиб қолиши), қоқшол(бўйин ва ўпкани шол бўлиб қолиши), сил(ўпканинг ҳавфли инфекцияси), тепки(карлик ва бепуштлик), шол(ҳаракат органларини шол бўлиб қолиши), кўкйўтал(болаларда нафас қисилишига сабаб бўлувчи қаттиқ йўтал), бўғма(нафас олишнинг қийинлашуви), гепатит В(жигарнинг қаттиқ жароҳатланиши) каби касалликлардан ҳимоя қилади. Бола вақтида эмланса, шифокорларнинг доимий эътиборида бўлиб, маслаҳатларини олиб борса унинг соғлиги шунчалик мустаҳкамланади.  
    -Болалар эмланишдан олдин қандай тиббий кўриклардан ўтишади?
    - Эмланишдан олдин бола организми чуқур текширилади.Оддий қилиб айтганда қулоғидан тортиб то оёғигача текширувдан ўтказилади. Токи унда  ҳеч бир дард учрамасин ёки бошланаётган бўлмасин деб қаралади. Агар бола соғлом деб топилсагина эмлашга рухсат берилади.  Айтайлик, организмида грипп, шамоллаш каби касалликларнинг асротлари мавжуд болалар бўлиши мумкин. Биз уларни   шифокорлар билан қайта соғломлаштириб, кейин эмлашга руҳсат берамиз.  
    -Эмлашдан кейин бола организмида салбий ҳолатлар ҳам кузатилиши мумкинми?
    -Эмлаш натижасида вужудга келадиган салбий ҳолатлар камдан кам учрайди. Бизга вакциналар Ҳиндистон ва Белгиядан келтирилади. Ўзбекистонда ишлатиладиган вациналар юқори сифатли бўлиб, улар Европа ва АҚШда ишлатиладиган вакциналар билан бир хил, яъни бола танасига зиён етказмайди. Эмлашдан сўнг болада бўшашганлик, тошма тошиши, тана ҳароратининг бироз кўтарилиши, укол қилинган жойининг шишиши ва инжиқлик каби ҳолатлар кузатилиши мумкин. Булар нормал ҳолатлар бўлиб, тез орада ўтиб кетади ва умуман ҳавфли эмас. Бундай салбий ҳолатларнинг ҳавфини камайтириш учун укол қилинадиган жойни уколдан олдин ва кейин уқаламаслик керак.
    -Болалар қандай вақтларда эмлашга чақирилади?
    -Улар белгиланган маълум даврда эмланади. Яъни, бола ҳаётининг биринчи куни, 2-5 кунлари, кейин эса 2,3,4,9,16 ойлигида сўнг 6 ёшлигида эмлашга чақирилади. Ҳудудларга беркитилган шифокорларимиз ҳар бир болага эмланишдан 1-2 кун олдин айтиб, хабардор қилишади.
    -Ота-оналар орасида эмлашдан кейин боланинг безовта бўлишини ўйлаб, эмланмасликни афзал биладиганлар ҳам учраб туради, шундай эмасми? Бу ҳолатга қандай чора топмоқдасиз?
    -Даставвал шундайлар учраб турарди. Биз болаларнинг  оналарини поликлиникамизга чақириб,  улар билан белгиланган тартибда суҳбат ўтказиб, эмлашнинг фойдали хусусиятлари, аҳамияти, эмланмаслик натижасида болада кечадиган турли хил касалликларнинг авж олиши, салбий ҳолатларни келтириб чиқариши ҳақида тушунтиришлар олиб борамиз. Нафақат бу борада балки, ёш оналарга боланинг соғлом бўлишида нималарга эътибор беришлари лозимлиги тўғрисида ҳам тавсиялар берамиз. Бугунги кунда ота-оналар эмлашнинг фойдали жиҳатларини шу даражада тушуниб етишганки, уларнинг ўзлари бу борада турли хил саволлар билан мурожаат қилишади.
    -Чет давлатларда туғилган болаларда эмлаш ҳолатлари қандай амалга оширилади?
    -Бундай болалар қайтиб келганидан сўнг аввал шифокор кўригидан ўтказилади. Қандай касалликка чалинганидан қатъий назар уларнинг соғлиги тикланиб, эмлашга тайёрланадилар. Бизнинг давлатимизда ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди. Биз шифокорлар нафақат уларнинг соғлигини, балки келажак ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун ҳам қайғурамиз, эмланишга келган 6 яшар болаларга яхши ўқиши, одобли бўлиб юришлари борасида ҳам тушунтиришлар берамиз. Фарзандларимиз саломат бўлса, биз шифокорлар шунчалик бахтиёрмиз. Улар бизнинг таянчимиз, суянчимиздир. Фарзандларимиз соғлом бўлса давлатимиз сарҳадлари тинч, осмони мусаффо, ҳаётимиз фаровон бўлади. Биз, тиббиёт ҳодимлари эртамиз эгалари билан фахрланиб юришимиз учун бугунгидан-да кўпроқ болалар соғлиги билан шуғулланишимиз, ишимизга бўлган масъулият ҳиссини оширишимиз лозим.
-Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!
Назокат МАШАРИПОВА,
журналист