Қайта қурилган шифо маскани

           Мамлакатимизда аҳоли саломатлигига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунинг исботи сифатида истиқлолга эришилгандан сўнг ўтган давр

ичида шифо масканларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга сарфланган маблағлар, аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида амалга оширилган қатор ислоҳотларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. 2016 йилда Қўшкўпир туманидаги марказий поликлиника, 60 ўринли ички касалликлар, 65 ўринли болалар бўлими бинолари қайтадан реконструкция қилинди.

         -Собиқ тузум даврида мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида қурилган ушбу бинолар йиллар мобайнида кўп маротаба таъмирланди,-дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Олимбой Матқурбонов,-давлат дастури асосида қайта реконструкция қилингандан сўнг кўркам, барча қулайликларга эга шифо маскани қад ростлади. Эндиликда беморлар совуқ, иссиқ сув мосламалари, ювиниш хонасидан фойдаланадиган бўлишди. Хуллас, улар шифо топишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинди.  2016 йилги давлат дастурига асосан 3 миллиард 652 миллион 488 минг 700 сўмлик реконструкция ишлари бажарилган.  Қурилиш ишлари “Қурилиш бинокор Шуманой” МЧЖ қурувчилари томонидан сифатли қилиб бажарилган.  Марказий поликлиника ва бошқа биноларнинг ташқи кўриниши бутунлай бошқача аҳамият касб этди. Замонавий дизайндаги эшиклар ва ромлар ўрнатилгани эса бинолар кўркини янада оширган.

         -Марказий поликлиникага муолажа учун келганимда шарт-шароитларни, ичкарини чиройли таъмирланганини кўриб жуда қувондим,-дейди оқдарбандлик Наргиза Ёвбосарова,-ундаги кўркамлик, замонавий тиббий жиҳозлар катта шаҳарлардагидан қолишмайди. Ҳукуматимизга минг раҳмат.

         -Реконструкция ишлари келгусида ҳам давом этади,-дейди бош шифокор,-шошилинч жарроҳлик, генекологик касалликлар бўлимларида ҳам худди шундай ишлар бажарилиши 2017-2021 йиллар давлат дастурига  киритилган.  Бу ғамхўрликларнинг барчаси инсонлар, келажак авлод учундир. Зеро, мамлакатимизда  инсон қадри улуғдир.

 

М.ТИЛЛАЕВА,

 

Қўшкўпир тумани