БАНК ХИЗМАТЛАРИ БИЛАН АХОЛИ

 

                                                                                                      ХОНАДОНЛАРИГА КИРИБ БОРИШ

тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини яратиб халқ манфаатларига хизмат қилмоқда

      Бугунги кунда иқтисодиётимизни барқарор ривожланишини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш давлатимиз олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Айниқса банк томонидан берилаётган имтиёзли кредитлар фуқароларимизни тадбиркорлик соҳасига қизиқишига ва ўз иш фаолиятларини йўлга қўйиб олишларида катта туртки бўлмоқда.

      Суҳбатдош саҳифаси меҳмони “Агробанк” АТБ Қўшкўпир тумани филиали бошқарувчиси Шерзод Рўзметов ҳам  айни шу мавзуда саволларимизга жавоб беришда кўмаклашади.

    -“Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган хаётий тамойил бугунги кун шиорига айланиб улгурди десак муболаға бўлмайди, шундай эмасми, Шерзод ака айтингчи сиз фаолият олиб бораётган банк томонидан ахолига қандай  имтиёз ва қулайликлар яратилмоқда?

-Аҳоли турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида гапирадиган бўлсам, аввало Молия-банк хизматлари тизимини янада ислоҳ қилиш, эркинлаштириш ва улар самарадорлиги ҳамда барқарорлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.  Соҳа ривожи учун янги қонун ҳужжатлари қабул қилинаётгани, мавжудлари давр талабидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилиб борилаётгани эътиборга моликдир. Шу ўринда банк ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш тармоғи сифатини ошириш, бу борадаги соғлом рақобатни кучайтириш, тегишли қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида банкимиз томонидан жойларда ўтказилаётган ўқув-семинарларда, маҳаллалардаги учрашувларда қабул қилинган қонунлар, Президентимизнинг Фармон ва қарорлари мазмун-моҳияти ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари борасидаги чора-тадбирлар ҳақида фуқароларимизга маълумотлар берилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларга тижорат банкимиз томонидан кредитлар ажратилаётгани ва бу аҳоли фаровонлигини янада оширишда, шу билан бирга, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг юксалишида муҳим омил бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат.

     -Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак 2017 йилнинг январ-феврал ойларида тижорат банки томонидан аҳолига қанча миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилди?

       -Бизнинг “Агробанк” АТБ туман филиалига арзонлаштирилган фоизларда аҳолига кредит ажратиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказиш учун 8786та хонадон беркитилган бўлиб, банк ходимларимиз томонидан ҳар бир хонадонга кириб оғзаки ва ёзма тарзда имтиёзли кредит олиш тартиб қоидалари  тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада шу йилнинг ўтган икки ойи давомида ихчам иссиқхоналар ташкил этиш учун 11нафар  фуқарога, қора мол сотиб олиш учун 301нафар фуқарога, асаларичилик билан шуғулланиш учун 3та, жами 356нафар фуқарога 2.535.160.000сўм миқдорида миқрокредитлар ажратилди. Шунингдек, 1нафар тадбиркорга бурсчатка ишлаб чиқариши учун 100.000.000 сўм кредит ажратилди. Филиалимиз томонидан ҳозирги кунда бу каби кредитларни ажратиш ишлари давом этмоқда.

   -Аҳолига банк томонидан берилаётган имтиёзли микрокредитларни олишда фуқароларимиз томонидан кредитни ўз вақтида тўлай олармиканман, тадбиркорликни уддасидан чиқармиканман деган иккиланишлар ҳам бўлиши табиий, шундай эмасми?! 

-Албатта биринчи маротаба банкдан кредит олаётган фуқароларимизда бошида бирозгина ҳадик бор эди, бироқ ажратилаётган миқрокредитдан мақсад аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда уларни бирор машғулот тури билан шуғулланишга жалб қилиш, ишсизлар сонини камайтиришдан иборат. Қўшниси, маҳалладоши ёки танишлари олган кредитларни кўриб, фаолияти билан танишиб фуқароларимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги табиий равишда туғилмоқда. Мана яқинда “Иқбол” маҳалласида яшовчи Темур Юсупов банкдан 14млн кредит олиб, уйида сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаб чиқарувчи цех очди. Хозирда фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида ҳаракат қилмоқда. Бундай тадбиркорларимиз сонининг ортиб бораётгани албатта бизни қувонтиради, бироқ туманимизда тадбиркорликнинг қуёнчилик, балиқчилик, хунармандчилик каби камёб турларини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилса айни муддао бўлар эди.                                              Туманимиз  аҳлига кредит олишдан, мустақил иш, мустақил хаёт бошлашдан ҳеч ҳам қўрқманг дейман, зеро. бизнинг юртда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун.

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

 

                     Шаҳноза ТАНГРИБЕРГАНОВА

суҳбатлашди.